Ўзбекистон Хитойга яна инсонпарварлик ёрдами йўллади

Ўзбекистон томонидан Хитойга инсонпарварлик ёрдамининг илк партияси шу йил 12 февралида йўлланган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини Хитойга йўллади. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати вакили Самандар Ҳикматуллаев ЎзАга маълум қилган.

Қайд этилишича, 3 март куни Тошкент аэропортидан Хитойга ёрдам ўлароқ “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси корхоналари томонидан тайёрланган махсус тиббий кийимлар, тиббий ниқоблар ва тиббий докалар юборилган.

Ўзбек расмийлари янги турдаги коронавирус ёйилаётган Хитойга шу йил 12 февралида ҳам инсонпарварлик ёрдами йўллагандилар. Мазкур ёрдам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 11 февраль куни имзоланган фармойиш асосида жўнатилган.