Коронавирус эпидемияси кузатилаётган Хитой ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқ ҳажми қисқариши сабабли Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йил охиригача 960 миллион доллардан кўпроқ зарар кўриши мумкин. Бу тахмин иқтисодиёт фанлари доктори, БМТ тараққиёт дастури эксперти Сергей Ворониннинг Review.uz нашрида ёйинланган мақоласидан ўрин олган.
Воронин мулоҳазасича, мамлакат бюджетига бир неча соҳа бўйича кутилганидек даромад тушмаслиги мумкин. Импорт учун белгиланган қўшимча қиймат солиғидан тушумлар режаланганидек ЯИМнинг 2,9 фоизи даражасида эмас, балки 1,5 фоизи даражасида бўлиши, божхона тўлови бўйича тушумлар 0,4 фоиздан 0,2 фоизга, акциз солиғидан олинадиган даромад эса 0,1 фоиздан 0,05 фоизгача пасайиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 2019 йилда 58,3 млрд долларни ташкил этгани эътиборга олинса, бу йил зарар 960 млн доллардан (ЯИМнинг 1,65 фоизи) ошиб кетиши мумкин.
2019 йил натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни Хитой (7,6 млрд доллар) эгаллаган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилишича, Хитойнинг ташқи савдо айланмасидаги ҳиссаси 18,1 фоизни ташкил қилган.
Ўзбекистон Хитойга катта миқдорда газ ва нефть маҳсулотлари, енгил саноат маҳсулотлари ва хизматлар экспорт қилади, Хитойдан эса машина, жиҳозлар ҳамда кимё саноати маҳсулотлари сотиб олади. Шу важдан Хитойнинг коронавирус туфайли иҳоталаниб қолиши, Воронин фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларига салбий таъсир кўрсатади.