4 март куни Андижон вилояти Бўстон (аввалги номи Бўз) туманида ўтказилган фаоллар йиғилишида туман ҳокими Иномжон Мамадалиев ишдан олиниб¸ ўрнига Садбархон Мамитова янги ҳоким этиб тайинланган.
Йиғилишга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислик қилган¸ унда президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этган.
Маҳаллий матбуотнинг ëзилишича¸ Бўстон туманининг янги ҳокими 53 яшар Мамитова ўтмишда Жалақудуқ туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган¸ 2019 йилдан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари лавозимида ишлаган.
Ҳозирча ишдан олинган ҳокимнинг бошқа лавозимга тайинланган-тайинланмагани ҳақида маълумот эълон қилинмади.
Айни 4 март куни Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Зулайҳо Маҳкамова Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиëев 2019 йил 2 сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” деб номланган қонунга имзо чеккан.
Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ¸ “Давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши таъминланиши керак”.
Бу қонун қабул қилиниши ортидан ҳокимият тизимларидаги раҳбарлик лавозимига аëлларни тайинлаш кузатила бошланди.
Жорий йил 18 февралида Дилфуза Уралова Сирдарë вилояти Боёвут тумани ҳокими этиб¸ 29 февраль куни эса¸ Наргиза Неъматова Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Жорий йил 16 февраль куни Бирлашган араб амирликлари (БАА) Дубай шаҳрида бошланган Бутунжаҳон аёллар форумида президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси сифатида маъруза қилди.
Ўз чиқишида Мирзиëева жумладан:
“Уларга (хотин-қизларга – таҳр.) бошларини баланд кўтариб, ўз қобилиятлари ва маҳоратларини қўрқмай, чекловларсиз кўрсата олиш имконини берадиган вақт келди"¸ деди жумладан.