4 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида “Тезкор тадбирлар юзасидан” маълумот берди.
Унда ëзилишича¸ Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Андижон вилоят бошқармаси ДХХ билан ҳамкорликда вилоят олий таълим муассасаларидаги “таъмаргирлик ҳолатларини фош" қилган.
“Ўтказилган тезкор тадбирда Андижон давлат Университети кафедра доценти Л.Р. фуқаролар М.М. ва Ф.А.ларни Қирғизистон Республикасидаги Университетда ўқиб келаётган ҳақида танишлари орқали сохта ҳужжатлар тайёрлаб, уларнинг ўқишини Андижон давлат Университетига кўчириб қўйиш эвазига 4 000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ёки, Андижон Давлат тиббиёт институти талабалари З.Н. ва Ш.С.лар моддий манфаатдорлик эвазига Қирғизистон Республикаси Жалалабад шаҳридаги “Научно-исследовательский медико-социальный институт” номли олийгоҳда таълим олаётган М.С.нинг ўқишини Андижон Давлат тиббиёт институтига мазкур институт мансабдор шахслари орқали кўчириб беришни ваъда қилиб, 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида олганда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, фуқаро О.Р. Андижон Давлат Университетида ишлаётган мансабдор танишлари орқали Қирғизистон Республикаси “Ўзбек-Қирғиз” Университетининг “информатика” йўналиши бўйича 1-босқичида таҳсил олаётган Н.Ш.нинг ўқишини олийгоҳнинг “информатика” йўналиши бўйича 1-босқичига кўчириб бериши эвазига 200 АҚШ долларини пора тариқасида олган пайтда ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”¸ дейилади Бош прокуратура расмий хабарида.
Ўзбекистон Олий таълим вазири жорий йил 6 февраль куни Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистонда олий ўқув юртларида ўқиëтган ўзбекистонликларнинг 7-15 февраль оралиғида ўз ўқишини қўшимча талаб ва синовларсиз Ўзбекистон ОТМларига кўчириш ҳақида буйруқ чиқарган эди.
Бу буйруқ ортидан бошланган саросима боис¸ ўқишни кўчириш учун ажратилган муҳлат 15 мартга узайтирилди.
Олий таълим вазирлиги ўқишини кўчирмоқчи бўлаëтган талабаларни турли фирибгарлик ва коррупцион схемалар домига тушмасликдан огоҳлантирган эди.