Ўзбекистон пойтахти Тошкентда оилавий зўравонликка дучор бўлган аёлларни дастаклаш мақсадида “Не виновата-2020” фестивали иш бошлаяпти.
5 мартдан 17 мартгача давом этадиган анжуман доирасида, фестивалнинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилинишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ва жинсий тажовуз мавзусида маърузалар ўқилиши, кўргазма ўтказилиши ва фильмлар намойиш қилиниши кутилмоқда.
Фестиваль пайшанба куни соат 18:00 да ZERO LINE gallery’да янги зеландиялик аёл режиссёр Ники Каронинг “Шимолий мамлакат” фильми билан очилади.
Ўзбекистонда оилавий зўравонлик узоқ йиллар давомида ёпиқ мавзу бўлиб келган. Аввалроқ Озодлик суҳбатдошлари мамлакатда яшаётган аёллар ҳали ҳам жинсий тазйиқ ва зўравонликка дучор бўлганлари ҳақида гапиришдан қўрқишларини таъкидлагандилар.