Қозоқ миллатига мансуб шинжонлик Сайрагул Сауитбай 2020 йилги “Жасорати учун” халқаро мукофотига лойиқ топилди. Тақдирлаш маросими 4 март куни Вашингтонда бўлиб ўтди.
Айни пайтда Швецияда яшаётган Сауитбайга мукофотни АҚШ давлат котиби Майк Помпео ва мамлакат биринчи хоними Мелания Трамп топширди.
Тадбирда чиқиш қилган Мелания Трамп мукофотланган ҳар бир аёл “бошқаларнинг ёрдами билан” лауреат бўлганини таъкидлади. Бу йил мукофот 11 та мамлакат вакилига топширилди.
Сауитбай 2018 йил апрелида Шинжондан Қозоғистонга қочиб ўтган. Ўзига қўйилган “чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик” айблови бўйича ўтказилган судда кўрсатма берар экан, у Шинжонда минглаб қозоқ, уйғур ва бошқа мусулмонлар “қайта тарбиялаш лагерлари”да сиёсий босимга учраётганликларини айтган эди.
Давлат департаменти хабарида таъкидланишича, Сауитбай дунёда биринчилардан бўлиб Хитой ҳукуматининг Шинжондаги туб этник гуруҳларга, асосан мусулмонларга нисбатан “репрессив сиёсат” юритаётгани ҳақида маълумот берган ҳамда “бу каби суиистеъмолга қарши ҳаракатга туртки берган”.
2018 йил августида Қозоғистон суди Сауитбайни чегарадан ноқонуний ўтганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан ярим йил пробацион назорат белгилаган ва суд залидан озод қилган. Қочқин мақомини ололмаган Сайрагул Сауитбай эри ва фарзандлари билан ўтган йили Қозоғистонни тарк этган.