8 мартда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси Корея Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари учун Сеулдан Тошкентга авиапарвоз амалга оширади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Бундай парвозлар 15, 22, 29 март кунлари ҳам амалга оширилади.
Билдирилишича, Тошкентга қайтгач йўловчилар пойтахтдан ташқаридаги махсус тайёрланган жойда 14 кун давомида карантинда бўлади. Тегишли текширувдан ўтганидан кейин яшаш жойига қайтиш учун рухсат берилади.
Авиачипталар ҳарид қилиш масалалари бўйича +82 2 754-1041 (KORUZBEK AGENCY) телефон рақамига мурожаат қилиш мумкинлиги хабар қилинди..
«Элчихона Ўзбекистон фуқароларига саросимага тушмасдан, ватанга қайтишнинг мақсадга мувофиқлигини яна бир бор жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилади. Чунки Корея Республикаси Ҳукумати тиббиёт соҳасида илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда ва касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига бепул малакали тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатлайди", дейилган Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.