“Amilee bahora” хусусий бандлик агентлигига Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензия 4 мартдан бошлаб бекор қилинди.
Бу ҳақда хабар қилган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган талабларга биноан, “Amilee bahora” МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Самарқанддаги “Амили Баҳора" хусусий бандлик агентлиги”га алдаганларнинг кўргиликлари тўғрисида Озодлик 2019 йилнинг 26 декабрида хабар қилган эди.
Муҳожирларга кўра, агентлик уларни Германияга ишга ёллаган, аммо Литвага жўнатган. Бу ерда муҳожирлар иш билан таъминланмай, чиқиндихонада жон боқишга мажбур бўлишганини айтишган.
Шундан сўнг Ташқи миграция масалалари бўйича агентлик ўзбекистонликларни ортга қайтарган ҳамда "Амили Баҳора" ширкати уларнинг айримларига тўлаган пулларини қайтариб берганди.
Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.