Депутат Бекмуродов Ўзбекистондан тиббий ниқоб экспортини тақиқлашни таклиф қилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов коронавирус хавфи ошиб бораётгани важидан Ўзбекистондан тиббий ниқоб экспорт қилишни тақиқлаш таклифи билан чиқди.

Депутатга кўра, “глобализация шароитида вирусдан изоляцияда қолиш имконияти мавжуд эмаслиги тобора ойдинлашиб бормоқда”.

Шу боис Бекмуродов ўзбекистонликларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилишини мақсадга мувофиқ, деб билади:

  • Оммавий тадбирларни ўтказишни чеклаш, болалар ва ёшлар иштирокида оммавий тадбирларни таъқиқлаш;
  • Транспорт қатновлари чекланган ёки йўловчиларини карантинга олиш назарда тутилган давлатлар рўйхатини кескин кенгайтириш;
  • Вирус билан курашишга кўмаклашувчи дорилар ва шахсий ҳимоя воситалари (маскалар, респираторлар) экспортини таъқиқлаш ва зарур бўлса хавфсиз давлатлардан импортини қўллаб-қувватлаш;
  • Фармацевтика бозорини қатъий назоратга олиш, вирусдан ҳимояланиш ва даволаш воситалари нархининг спекулятив ошишига йўл қўймаслик;
  • Янги коронавирусни олдини олиш бўйича ТИВ, ССВ ва Инвестиция вазирлари иштирокида Парламент эшитувини ўтказиш;
  • Боғча ва мактабларда касалланиш хавфини олишга қаратилган чораларни кучайтириш.

Коронавируснинг тарқалиш хавфи тобора кучайиб бораётган бир шароитда кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг қўшнилари тиббий ниқоб экспортини тақиқлаб қўйганлар.

COVID-19 вируси тарқала бошлаган декабрь ойидан бери, сўнгги маълумотларга кўра, дунёдаги 90 мамлакатда коронавирус юқтириб олганлар сони 100 минг нафарга яқинлашди, қурбонлар сони эса 3386 кишига етди. Айни пайтда 55 мингдан зиёд киши соғайиб кетгани айтилмоқда.