Тожикистон бозорларида уч кундан бери ваҳима кайфияти ҳукмрон. Бунга Тожикистон худудида коронавирус тарқалаётганига оид миш-мишлар сабаб бўлди. Аҳоли орасидаги қўрқув зарур эҳтиёж молларига талаб ортиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг икки баробар ошиб кетишига сабаб бўлди.
Бу орада Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мамлакатда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд қилинмаганлигини маълум қилди.
Вазир ўринбосари Шодихон Жамшед 5 март куни бўлиб ўтган брифингда Давлат заҳира материаллари бўйича агентлиги икки йилга етадиган озиқ-овқат заҳирасига эга эканлигини маълум қилди. Бундан ташқари, муовинга кўра, озиқ-овқат импорти ҳам аввалгидек давом этмоқда.
Бироқ, Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, 5 март куни эрталаб савдо нуқталарида ун ва бошқа маҳсулотлар учун навбатда турганларни учратиш мумкин бўлган. Оломоннинг шовқин-сурони туфайли милиция ходимлари жамоат хавфсизлигини кучайтириш чораларини кўрганлар.
“Биз кузатаётган ҳолат аҳоли давлатнинг расмий маълумотидан ташқари четдан бошқа маълумот ҳам олаётганини кўрсатади. Вирус бошқа мамлакатларда тарқалаётганини кўрган одамлар унинг ўз шаҳарларида ҳам пайдо бўлиб қолиши мумкинлигига ишонадилар, шу боис ваҳимага тушадилар”, деди тожикистонлик социолог Музаффар Олимов.
Тожикистон Ислом маркази уламолар Кенгаши чоршанба куни диндорларга марҳумнинг жанозасидан ташқари жамоа намозларидан тийилиб туриш тўғрисида тавсия билан чиқди. Мамлакатда Наврўз байрами муносабати билан талаба ва ўқувчиларнинг аньанавий “маршировка”си ҳам бекор қилинди.
Журналист Азиз Нақибзодга кўра, ҳукумат томонидан кўрилаётган кескин чоралар аҳоли ўртасида ваҳималарга сабаб бўлган. “Бирданига масжидларда намозни тақиқлашди ва одамлар муаммо пайдо бўлди, деган хаёлга бордилар”, деди Нақибзод.