Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда мактабларда коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли 15 март кунидан бошлаб таътил эълон қилиниши ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Анвар Умаровга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.
Умаровнинг айтишича, ўқувчилар ўтган йилларда бўлганидек, 21 март кунидан навбатдаги таътилга чиқади. Таътил етти кун давом этади.
«Халқ таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан мунтазам алоқада. Шу билан бирга, Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабларда коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чора тадбирларни кучайтириш бўйича қўшма қарор қабул қилган», - деган вазирлик расмий вакили.
Таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасидаги тавсияларини постерлар шаклида чоп этган ва улар мактабларга тарқатилган.
Матбуот котиби вазирлик зарурият туғилганда вазият ривожланиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боришини маълум қилди.