Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги юзасидан олиб борилган таҳлилий ва комплекс баҳолаш хулосаси ҳамда таклифларни Олий Мажлис палаталарига қарор қабул қилиш учун тақдим этади. Бу ҳақда 6 март куни ЎзА хабар берди.
Хабарда айтилишича: “Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини атрофлича ўрганиш ва чуқур таҳлил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан иқтисодий интеграция масаласида мамлакат иқтисодиётининг йирик 16 тармоғида ўрганиш ишлари олиб борилди”.
Йиғилишда мазкур масала бўйича етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар кўриб чиқилди.
2020 йил январида янги сайланган Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида сўзга чиққан Шавкат Мирзиëев Евроосиё иқтисодий иттифоқига Ўзбекистоннинг жорий йил аъзо бўлиши ҳақидаги муҳокамаларга муносабат билдирган эди.
Мирзиëев ўз чиқишида ЕОИИ га қўшилиш эҳтиëжини Қозоғистон ва Россияда ишлаëтган миллионлаб меҳнат муҳожири манфаатини ҳимоялаш ва Ўзбекистон иқтисодини ривожлантириш учун зарур миллиардлаб доллар билан изоҳлаган.
Президентга кўра¸ Ўзбекистон ЕОИИга аввалига кузатувчи мақомида қўшилиб¸ “нима яхши, нима ёмонлигини кузат”гандан кейин аъзолик борасида қарор беради.
«Бир нарсага амин бўлинглар, ҳамма қилган ҳаракатларимиз миллатимиз манфаати, иқтисодиётимизнинг эртанги куни учун. Иқтисодиётимизни барқарор қилиш учун ҳам бизга ҳозир 50 миллиард доллар керак. Бугун оғир, таҳликали замонда яшаяпмиз. Тўғри йўлни топиш узоқ, лекин шунга интилиш керак»¸ деган Сенатдаги чиқишида Шавкат Мирзиëев.