Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан суд жараёни 23 март куни бошланади. Бу ҳақда 6 март куни унинг адвокати Замир Жоошев Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди.
Адвокатга кўра, Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди бир неча кун давом этган дастлабки тингловлардан сўнг 6 март куни мана шундай қарор чиқарган. Суд Атамбаевга нисбатан жараённи очиқ ўтказиш тўғрисидаги адвокат илтимосини қаноатлантирмаган. Атамбаевга нисбатан суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади.
Ўтган йилнинг 6 августида Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Алмазбек Атамбаев ўз президентлиги даврида криминал авторитет Азиз Батукаевнинг 2013 йилда қамоқдан ноқонуний бўшатилиши юзасидан терговга гувоҳ сифатида чақирилган эди.
Бироқ у уч марта терговга келмагани ортидан уни мажбурий олиб келиш учун Атамбаевнинг Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғидаги уйига милиция бўлинмаси жўнатилган. Атамбаев тарафдорлари милиция бўлинмалари ва махсус қисмларига икки кун давомида қаршилик кўрсатишган.
8 август куни Атамбаев милицияга таслим бўлган эди. У ўшандан бери ҳибсда сақланмоқда.