Швеция полицияси рус миллатига мансуб икки кишини ҳибсга олди.
Ҳокимият идоралари улар ўтган ойда машҳур блогер ва Чеченистон ҳукумати танқидчисини ўлдиришга уринган, деб гумон қилмоқда.
Россиядан бир неча йил олдин чиқиб кетган Тумсо Абдураҳмонов 26 февралда болға билан қуролланган киши ҳужум қилгани ва унга бас кела олгани учун омон қолганини маълум қилди.
Бу Чеченистоннинг Кремлга суянадиган раҳбари Рамзон Қодировнинг танқидчиси бўлган блогерга жорий йилда Россиядан ташқарида уюштирилган иккинчи ҳужумдир.
Матбуот эркинлиги учун курашаётган ташкилотлар, жумладан, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Абдураҳмоновга ҳужум уюштирилганидан хавотир изҳор қилди.
Ҳужумдан сўнг Абрураҳмонов интернет орқали жонли эфирга чиқиб, ерда қонга беланиб ётган кишидан рус тилида сўрайди: “Ким сени юборди? Қаерликсан?”
У киши жавоб қайтаради: “Москваданман... Уларнинг қўлида онам бор”.
Швециянинг маҳаллий прокурори Терезе Стенссон Рейтер ахборот агентлигига 6 мартда прокуратура ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, аммо ҳақиқийлиги мустақил тарзда тасдиқланмаган видеони ўрганиб чиқаётганини айтди.
Стенссон ҳужум Гавле шаҳрида уюштирилганини билдирди.
Прокурорга кўра, 29 яшар рус кишиси 1 мартда одам ўлдиришга уринганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган, Гавле туман суди эса 6 мартда ўша кишининг шериги экани гумонланган 30 яшар жувонни ҳибсга олишга буйруқ берган.