Миллий хавфсизлик хизматининг (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) собиқ раиси Рустам Иноятов Ўзбекистон теннис федерацияси раҳбари лавозимидан кетди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Мазкур қарор ўтган ҳафта Ўзбекистон теннис федерациясининг МОҚда ўтказилган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида олинган.
Қайд этилишича, федерациянинг янги раиси этиб Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Мирсоатов сайланган.
Конференция иштирокчилари Р. Иноятовни федерациянинг фахрий президенти этиб сайлашга қарор қилганлар.
Рустам Иноятов теннис федерациясига 20 йилдан кўпроқ, аниқроғи, 1999 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётганди.
75 ёшли Р. Иноятов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йил 27 июнидан 2018 йил 31 январигача (қарийб 23 йил) давомида раислик қилган.
Айни пайтда у президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб саналади.