Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.
(Бу жонли блогнинг биринчи қисми. Иккинчи қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)
* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *
18 март ҳолатига кўра:
- Ўзбекистонда 18 кишида вирус аниқланди. Булар Париж, Истанбул, Лондон ва Дубайдан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг тиббий кузатув остида бўлган яқинларидир.
- ССВ вазирлиги 13 киши орасида оғир аҳволда бўлган бемор йўқлиги, шифохоналарда 641 киши ётгани, карантинда бўлган 8 минг кишидан 5700 нафарига жавоб берилганини маълум қилди.
- 16 мартдан бошлаб, Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтади, таълим муассасалари ёпилди, давлат идораларида мажлислар тўхтатилди.
- ЖССТ Европа ҳануз COVID-19 пандемияси маркази бўлиб қолаётганини билдирди, аксар Европа давлатларида фавқулодда вазият амалда.
- Вирус юқтирганлар расмий сони 182 мингдан, ўлганлар сони эса 7 минг кишидан ошди, 80 мингга яқин одам соғайди.
ЎЗБЕКИСТОН: бозорларда савдо тушиб кетди
Озодликка турли вилоятларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи тушиб кетгани ҳақида хабарлар кела бошлади.
Аксар хабарчи муштарийларнинг ёзишича, маҳаллий мутасадди ташкилотлар нарх-навони кескин назорат қилмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 18 киши
(17 март, Тошкент вақти билан соат 21:30)
Маълум бўлишича, Францияда бўлиб қайтган фуқаронинг онаси, келини ва бирга ишлайдиган ҳамкасбида коронавирус инфекция борлиги тасдиқланган.
ЎЗБЕКИСТОН: темир йўлларда текширув
"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти мамлакатдаги темир йўл вокзалларида коронавирусга қарши текширув жараёни ҳақида хабар берди.
Расмий сайтда чоп этилган суратлардан кўринишича, вокзалларда ҳам йўловчилар турнақатор навбат кутишмоқда.
Ширкат текширувларни узлуксиз олиб бориш учун қўшимча навбатчи сменалар ташкил қилинганини маълум қилган.
ЎЗБЕКИСТОН: президент халққа мурожаат қилди
Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси бўйича халққа мурожаат қилди.
Вазият тўлиқ назорат остида эканини, хавотир ёки ваҳимага тушишга асос йўқлигини таъкидлади.
Молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-наво ўсишининг олдини олиш, ҳудудий бюджетлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берди:
"Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади".
"Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда".
"Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир".
"Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ".
"Жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим".
"Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда".
РОССИЯ: консул аэропортдагиларга ош берди
Новосибирскдаги бош консул Юсуп Қобулжонов аэропортда Ўзбекистонга қайтиш учун самолёт кутаётганларга ош берди.
ЎЗБЕКИСТОН: Бир кунда 144 та савдобузарлик аниқланди
Давлат Солиқ қўмитаси маълум қилди:
17 март куни республика бўйича жами 158 та назорат тадбири ўтказилди. Ҳуқуқбузарлардан 529,2 млн.сўмлик картошка, пиёз, ниқоб, ёғ ва ҳоказо маҳсулотлар олиб қўйилди.
ЕВРОПА: чегаралар ёпилгач, минглаб киши аро йўлда қолди
Ғарбий Европадан қайтган минглаб меҳнат муҳожирлари Венгрия-Руминия чегарасига етиб борди. Уларни Австрия-Венгрия чегарасидан полиция кузатиб келди.
7 мингга яқин руминиялик Венгрия коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида Австрия билан чегарасини ёпиши ортидан 24 соат кутишга мажбур бўлган эди.
Уйига қайтаётган руминияликларнинг аксари Италия ва Испаниядан келаётгани айтилмоқда. Италия Европада коронавируснинг ўчоғига айланган.
Мавзуга алоқадор Европа мамлакатлари чегараларини ёпгач, минглаб киши аро йўлда қолди
ЎЗБЕКИСТОН: поезд чиптаси пули қайтарилаяпти
ЎЗБЕКИСТОН: вирус юқтирганлар сони 15 кишига етди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 15 нафарга етди.
"Бундан бир муддат олдин Истанбулдан келган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Сўнгги маълумотларга қараганда, унинг турмуш ўртоғида ҳам ушбу инфекция борлиги тасдиқланган", деб хабар қилди ССВ.
ЭРОН: коронавирусдан ўлганлар сони 1000 дан ошди
Эронда янги коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекциясидан ҳалок бўлганлар сони 1135 нафарга етди. Сўнгги 24 соат ичида 147 киши вирус туфайли вафот этди.
Эронда бугунга қадар 16169 киши вирусни юқтиргани айтилмоқда.
Мавзуга алоқадор Эронда коронавирусдан ўлганлар сони 1000 дан ошдиЎЗБЕКИСТОН: вирус учун текширувдан ўтиш тартиби
ХОРИЖДАГИЛАР: 4 кундан бери аэропортдамиз
Турли давлатлардаги аэропортлардан туриб, Ўзбекистонга кета олмаётган ватандошлардан Озодликка келаётган шикоятлар кўпаймоқда.
Қуйида ана шундай муштарийлардан бирининг мактубини ўқинг:
(Муҳим эслатма: мактуб таҳрирсиз эълон қилинмоқда ва ундаги мулоҳазалар Озодлик муштарийсининг эркин фикрлари ифодасидир - таҳр.)
"Ассалому алекум ока, биза Туркия Истанбул шаҳридаги янги аэропортда 4 кундан бери турипмиза. Бизга ҳеч ким ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтяпти.
Истанбулдан пересатка қилиб ўтиб кетишимиз керак эди. Аммо Ўзбекистон халқаро рейсларини ёпканлиги сабабли қолиб кетдик.
Истанбулдаги пасолствага телефон қилсак биза сизларга ёрдам бера олмаймиз, ҳозир уйларингдан пул чақиртириб ўш ерда ўтирларинг деб жавоб беряпти.
Ўзи яна 1 - 2 кун қолсак ёнимиздаги пул ҳам тугиди ва еб ичиш ҳам бўлмай қолади. Улардан чартер рейс Истанбулга бўладими, диб сўрасак улар ҳатто билмаймиз дейишвотти".
Мавзуга алоқадор Парвозлар бекор қилиниши ортидан юзлаб ўзбекистонлик Истанбул ва Дубай аэропортларида қолмоқда (ВИДЕО)
ЎЗБЕКИСТОН: таълим ходимлари таътилди, масканлари карантинда
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин:
"Давлат мактабгача таълим ташкилотлари, педагогика коллежлари ҳамда Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ходимлари -
2020 йилнинг 18 март кунидан 31 март кунига қадар навбатдаги йиллик асосий меҳнат таътилига чиқарилади. Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми уларга қулай вақтда берилиши таъминланади.
Мактабгача таълим муассасаларида карантин 16—31 мартгача давом этади.
Карантин даврида мактабгача таълим муассасаси директори, хўжалик мудири, ҳамшира, фаррош ва қоровул ўз иш фаолиятини давом эттиради".
РОССИЯ: минглаб ўзбек аэропортда ётибди
Россия аэропортларида қолаётган юзлаб ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга кетолмаётганидан шикоят қилмоқда.
2020 йилнинг 16 мартидан коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл қатновлари ҳам тўхтатилгани эълон қилинди.
18 мартдан 1 майга қадар Россия ҳам хорижликларнинг кириб келишига тақиқ қўйди. Россия Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бу мамлакатда қолиб кетган хориж гражданларини жаримага тортмаслик ва уларнинг қайд ҳужжатлари ва патентлари муддатини узайтириб бериш тўғрисида бошқарма бўлинмаларига буйруқ берган.
Мавзуга алоқадор Коронавирус туфайли Россия аэропортларида минглаб ўзбекистонлик қолиб кетди (ВИДЕО)
КАРАНТИН: шароитдан шикоят кўпаймоқда
Хориждан олиб келиниб, карантинда сақланаётганлар шароит ёмонлигидан шикоят қилмоқда.
Озодликка мурожаат қилганлар хоналар совуқлиги, чўмилиш ва овқатланиш хоналарининг санитария гигиена ҳолатлари ёмонлигидан норозилик билдирди.
Москвадан учиб келгач, Чирчиқдаги болалар оромгоҳига жойлаштирилган ўзбекистонликлар шароит ёмонлиги боис, у ерда қолишни истамаётганликларини айтди.
Дубайдан келганлар эса, Қибрай санаторийсидаги аҳволнинг "расво"лигидан нолиди.
Мавзуга алоқадор Карантинга олинганлар шароит ёмонлигидан норозилик билдиряпти (ВИДЕО)ЎЗБЕКИСТОН: кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида
БАЁНОТ: "Сокол" лагеридаги муаммо тез ҳал қилинади
Тошкент вилояти маъмурияти "Сокол" оромгоҳида карантинда сақланаётган фуқароларнинг муаммоларини энг қисқа вақт ичида ҳал этишга ваъда берди.
ПРЕЗИДЕНТ КУЁВИ: "ҳамкорлик ўрнига хиёнат"
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви - бир вақтнинг ўзида Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари, Триатлон федерацияси раиси, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти, ММА Марказий Осиё конфедерацияси раҳбари бўлган бўлган - Отабек Умаров коронавирус бўйича сохта маълумот тарқатмоқда, деб топилган ижтимоий тармоқлардаги 33 та аккаунт эгаларини "хиёнат"да айблади.
Умаров ижтимой тармоқлардаги саҳифаларида шундай ёзди:
"ИИВ ва Бош прокуратура ишчи гуруҳи томонидан ижтимоий тармоқларда аҳоли ўртасида ваҳима қўзғатадиган, асоссиз маълумотларни тарқатаётган 33 та аккаунт ҳам аниқланди. Ҳамкорлик ўрнига хиёнат нақадар пасткашлик, аммо бу ҳолатда биз бундай ҳаракатларни миллий хавфсизлигимизга тажовуз сифатида баҳолашимиз мумкин".⠀
МАРКАЗИЙ ОСИЁ: президентлар вазиятни муҳокама қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Туркманистон президентлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, коронавируснинг олдини олиш йўлида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
ИНФОГРАФИКА: вирус кимлар учун хафли?
ЎЗБЕКИСТОН: "1 хонада 5 киши - карантин шуми?"
18 март тунда Россиядаги ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи Тошкентга қўнди.
Ушбу рейсда бўлган ўзбекистонликлардан бирининг Озодликка ёзишича, на аэропорт ва на улар жойлаштирилган карантин манзили ҳозир бўлган.
"Бугун Москвадан учиб келганларни Чирчиққа олиб кетишди, "Сокол" деган болалар лагерига. У ерда телефон алоқаси жуда ёмон экан, ҳеч қандай шароит яратилмаган, ўлгудай совуқ. Хоналарнинг деворлари жуда юпқа, жуда совуқ", деб ёзди исми ошкор қилинмаётган муштарий.
Унинг ёзишича, лагер 200дан ортиқ одамни қабул қилишга ҳозирлик кўрмаган - натижада, бир хонага 5 кишидан жойлаштиришган.
"Гигиеник воситалар ҳам етарли эмас. 1 кичик хонада 5 кишидан ётқизишди. Карантин шуми?" деб ёзди муштарий.
Болалар лагерида хоналар кичик, ётоқлар ҳам кичик. Москвадан қайтирилган муҳожирлар орасида эса ёш болалилар, кексалар ва аёллар кўплиги айтилмоқда.
Бу йўловчилар ичида Podrobno.uz нашри мухбири ҳам бўлган. Мухбир ўзи кўрган ва гувоҳи бўлган манзарани мақола қилиб ёзди.
Мухбир ўз мақоласини "Хаос ва дезорганизация. Хориждан қайтган ўзбекистонликларга карантинда зарур шароитларни яратиб бера олишмади" деб сарлавҳа қўйди.
Ёзишича, лагер маъмурияти ҳам мухбирнинг саволларига аниқ жавоб беролмаган.
(Озодлик бу мавзуни ўрганмоқда, тез орада тафсилотлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин.)
ЎЗБЕКИСТОН: хориждаги ватандошлар учун махсус штаблар тузилди
16 мартдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумат қарори билан халқаро авиа, авто ва темир йўл қатновлари вақтинча бекор қилигани боис, четда қолиб кетган ватандошлар муаммоларини ҳал қилиш учун оператив штаблар тузилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, штаблар вазирликнинг ўзида, элчихоналар ва консуллик муассасаларида очилган.
Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари мурожатларига тезкорлик билан жавоб бериши таъминланади.
Барча тафсилотлар қуйидаги иловада:
ЎЗБЕКИСТОН: АҚШ ҳимоя воситаларини топширди
17 март куни АҚШ элчихонаси янги коронавирус касаллиги COVID-19 тарқалишига тайёргарлик кўриши учун Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига иккинчи хайрия ёрдами сифатида шахсий ҳимоя воситаларини топширди.
ЎЗБЕКИСТОН: кетолмаган хорижликлар визаси чўздирилади
Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида мамлакатда бўлган ва кетишга улгурмаган хорижликларга илгари берилган визаларнинг амал қилиш муддати автоматик тарзда 2020 йил 10 апрелигача узайтирилади.
Мазкур қарор, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 март кунидаги коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг йиғилишида қабул қилинган.
Айни пайтда муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакатдан чиқиб кетишига 10 апрелга қадар рухсат берилади.
ТАВСИЯ: коронавирусдан қандай сақланиш мумкин?
ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 11 киши бўлди
ССВ мамлакатда вирусни юқтирган яна бир киши аниқланганини хабар қилди.
Айтилишича, бу шахс Дубайдан Ўзбекистонга учиб келган.
"Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 11 нафарга етди. Беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб,шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.
ИИВ: 2 киши ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда
ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов:
"Вирусга чалинган ҳамда карантинда бўлган фуқароларнинг шахсларини оммага тарқатган икки нафар фуқаро аниқланиб,уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар томонидан соҳта ва асоссиз маълумотларни тарқатаётган 13 нафар фуқароларимиз аниқланиб, уларнинг тўққиз нафари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Тўрт нафарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилади".
ТОШКЕНТ: 3 вилоят талабалари 18 март куни уйига қайтарилади
Пойтахт ОТМларида таҳсил оладиган қашқадарёлик, самарқандлик ва андижонлик талабаларни уйига қайтариш учун бепул транспорт воситалари ажратилди.
РОССИЯ: Москвадаги ўзбеклар президентдан ёрдам сўради
Москва аэропортида қолиб кетган ўзбекистонликлар ўзбек халқи ва президент Мирзиёевдан ёрдам сўради:
"Оч қолдик, аэропортда ётибмиз, пулимиз йўқ...!"
ТУРКИЯ: қайтишни истаганлар рўйхати тузиляпти
Туркиядан Ўзбекистонга қайтишни истаган ватандошларнинг рўйхати тузилмоқда.
Бу ватандошлар учун чартер рейс ташкил қилиш режаланган.
ҚАШҚАДАРЁ: жамоат транспорти дезинфекцияси:
ЁШЛАРГА МУРОЖААТ: 1093га ёки Телеграм ботга ёзинг!
ХОРАЗМ: картошкани арзонлатишди
ИИВ: уйдирма тарқатган аккаунтларга нисбатан терговолди суриштируви бошланди
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, ички ишлар органлари Бош прокуратура ва бошқа ташкилотлар билан бирга "аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни" тарқатаётганларни аниқлашни бошлаб юборган:
"Бугунги кунга келиб, ишчи гуруҳ томонидан коронавирус ҳақида ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатган ижтимоий тармоқлардаги 33 та аккаунт аниқланган.
Улардан 25 таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8 таси эса Ўзбекистон фуқароларига тегишли. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг шахси аниқланиб, тегишли терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда".
АҚШ: ўзбекистонлик ҳайдовчидан тавсия
ШАРҲ: ўзбек профессори коронавирус ҳақида
Ўзбекистонлик профессор, тиббиёт фанлари доктори Хайрулло Мустафоев «Ўзбекистон 24» телеканалида COVID-19 ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Олим ижтимоий тармоқларда айланаётган аксар саволларга содда ва лўнда тушунтириш берди:
ЖИЗЗАХ: бепул салфетка тарқатишаяпти
ЎЗБЕКИСТОН: 5700 одам карантиндан чиқарилди
ССВнинг 17 март куни хабар қилишича, шу кунга қадар 8 мингга яқин одам карантинда бўлган ва 17 март куни 5700 киши карантиндан чиқарилган.
16 март куни жами 6302 киши карантинда экани айтилган эди.
МАРКАЗИЙ БАНК: кредит қарзи бўйича имтиёз
Марказий банк коронавирус инфекцияси тарқалиши ортидан тадбиркорларда йиғиладиган кредит қарзларини қайтариш учун имтиёзли муддат бериш бўйича банкларга тавсия берди.
Имтиёзли муддат, ҳар бир тижорат банкидаги шартнома шартларидан келиб чиққан ҳолда, 2020 йилнинг 1 октябрига қадар белгиланиши мумкин.
ИЖОДИЙ ЁНДОШУВ: коронавирусга қарши кураш
ЎЗБЕКИСТОН: меёрни бузган Телеграм каналлар жавоб беради
Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов:
"Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ, бир шахс ҳақида учинчи шахсга маълумот берилмайди. Кўпгина телеграм каналлари ушбу меъёрларни бузди ва улар бунинг учун жавобгар бўлади".
ЎЗБЕКИСТОН: санаторийлар карантин учун ажратилмоқда
Жумладан, Сирдаёдаги 200 ўринли Янгиер санаторийси карантин учун ажратилди.
Бу ерда Туркиядан келган 2 киши сақланмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН: икки вазирликнинг йиғини
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлари иштирокида брифинг бўлди.
Брифинг “Ўзбекистонда короновирус инфекциясининг тарқалиши ва унга қарши кўрилаётган чоралар бўйича таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар" мавзусида бўлди.
Брифинг бошида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 18 мартдан бошлаб мактаблардаги барча ўқитувчилар таътилга чиқиши, мактабларда директор, директор ўринбосари, хўжалик мудири, психолог, фаррош ва қоровул мактабда бўлишини маълум қилди.
Вазир таътилга чиқарилган ўқитувчилар учун иш ҳақи тўланишини алоҳида таъкидлади.
Тадбир Youtube канали ва Агентликнинг фейсбукдаги саҳифаси орқали онлайн режимда ўтказилди:
ЎЗБЕКИСТОН: онлайн теледарслар бошланади
Миллий телерадиокомпания каналларида кейинги ҳафтадан учта каналда онлайн теледарслар эфирга узатилади:
ССВ: чивинлар коронавирус ташимайди
ДУНЁ: глобал бозорда бўҳрон бошланди
Жаҳон молиявий бозорлари, жумладан, АҚШ биржалари сўнгги ўттиз йилда кузатилмаган даражада қулади. Бунга янги коронавируснинг жаҳон бўйлаб тез суръатда тарқалаётгани ҳамда унга қарши кураш доирасида кўрилаётган кескин чоралар сабаб бўлди.
Мавзуга алоқадор Коронавирусга қарши кураш доирасида киритилган чекловлар туфайли глобал бозорлар қуладиФАРҒОНА: битта ун заводидаги вазият
Фарғона вилояти Учкўприк тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Усмонжон Аҳмадалиев тумандаги “Admiral group” МЧЖнинг ун заводида бўлди ва у ердан туриб, ҳамюртларига юзланди:
Айтилишича, корхона бир суткада 225 тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга, айни дамда у ерда 100 киши сменага бўлиниб, кечаю-кундуз ишлаяпти.
ҚОЗОҒИСТОН: жума намозлари бекор қилинди
Қозоғистонда фавқулодда вазият тартиби амалда бўлган пайтда Жума ва бошқа намозлар масжидларда ўқилмайдиган бўлди.
Жаноза намози эса фақат яқин қариндошлар иштирокида ўқилади.
Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси 16 март куни маълумот тарқатди.
Мавзуга алоқадор Қозоғистонда ҳам Жума намозлари бекор қилинди
ЎЗБЕКИСТОН: блогер ёлғон хабарларни жамлади
Таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиев тармоқларда тарқалган ва расман инкор қилинган хабарларни жамлади:
ЖССТ: коронавирус ҳақида нималарни билмаймиз?
Ўзингизни янги коронавирусдан ҳимоя қилишнинг энг яхши усули қўлларингизни спиртли салфетка билан тез-тез артиш ёки уларни совунлаб, сувда ювиб туришдир.
Бу тавсия Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) янги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ баъзи муҳим саволларга жавобларида такрор-такрор келаверади.
ЖССТ ўз расмий сайтида эълон қилинган маслаҳатлар қўйидаги ҳаволада:
Мавзуга алоқадор ЖССТнинг коронавирус бўйича маслаҳатлари: биз билмаган нарсалар
ЯНГИ ЧЕЛЛЕНЖ: вирус нархга таъсир қилмайди
СИРДАРЁ: ҳокимлар бозор назоратини давом эттирмоқда
Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон шаҳридаги деҳқон бозори ва озиқ-овқат маҳсулотлари дўконларидаги нарх-навони шахсан ўз назоратига олди.
ТОШКЕНТ: оддий тингловчидан шарҳ
Тошкентдаги бир неча бозорга борган муштарий ўзи гувоҳ бўлган манзара ҳақида Озодликка мана буларни ёзди:
(Муҳим эслатма: мактуб таҳрирсиз эълон қилинмоқда ва ундаги мулоҳазалар Озодлик муштарийсининг эркин фикрлари ифодасидир - таҳр.)
"Вахима ва саросима бор, аммо мана бугун кўчага чиқиб Паркент ва Фарход бозорларига бордим, Фарход бозорида камералар кўтариб налоговый инспекторлар нархларни сунъий равишда оширмаслик бўйича тушунтириш ишларини олиб боришяпти.
Оширилган нархдаги ценник бор сотувчиларни бир нарса бахона қилиб жаримага тортишяпти. Одамлар худди янги йил олдидан бўлганидек бозор қилишяпти.
Атрофда одамларнинг тахминан 5-10% маска тақиб юрибди. Энг ачинарлиги шуки президент М.Ш.М. топшириқ берган медпрепарат ва дориларни нархини резко кўтарганларга қарши жарима чораларини кўришни (кўришмаяпти - таҳр.).
Аммо мана бугун ҳам Паркент бозори олдидаги аптекадан 4 та маскани 10 минг сўмга олдим, донаси 2500 сўмдан, 2 ой олдин 400-500 сўм бўлар эди, хуллас М.Ш.М. топшириғини пастдагилар бир тийинга олмаяпти ва бажармаяпти".
ТОШКЕНТ: коронавирус бўйича 2 та вазирлик йиғин ўтказади
Тадбир Youtube канали ва Агентликнинг фейсбукдаги саҳифаси орқали онлайн режимда ўтказилади.
ЎЗБЕКИСТОН: ҳайдовчилар нарх ошганини изоҳлади
Тошкентдан водийга қатнаётган ҳайдвчилар нархни ошишига йўловчиларнинг фақат бир тарафга қатнаётгани, водийдан қайтишда бўш қайтаётгани билан изоҳдамоқда.
ЎзА агентлиги ҳайдовчи ва йўловчиларни билан видеосуҳбатларни чоп этди.
ЎЗБЕКИСТОН: 200 киши хориждан қайтди
Эрон (37 киши) ва Латвиядан (175 киши) жами 212 нафар фуқаро Наманганга олиб келинди, дея хабар берди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Эронга инсонпарварлик юки юборилган Мудофаа вазирлигининг юк самолёти Теҳрондан махсус рейс билан Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, талабалар, тадбиркорлар ва бошқа шахсларни олиб қайтган.
Йўловчилар келиши билан дезинфекциядан ўтказилган. Сўнгра автобусларда Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ва Косонсой санаториясига икки ҳафталик карантинга жойлаштирилган.
Олдинроқ Ўзбекистон ТИВ хориждаги ватандошлар рўйхати тузилаётгани ҳамда уларни ватанга олиб келиш учун авиарейслар ташкил этиш устида иш олиб борилаётганини хабар қилган эди.
ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирусга чалинганлар сони 10 нафарга етди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумоотга кўра, 15 март куни соат Истанбулдан келган беморнинг турмуш ўртоғи ва ушбу рейсда бўлган яна бир нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган.
“Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган ушбу беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб,шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда”, дейилади ССВ хабарномасида.
ЎЗБЕКИСТОН: 19 мартдан ётоқхоналар ёпилади
Олий ва ўрта масхус таълим вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабаларни уйига қайтариш ишлари давом этмоқда.
15 мартдагн бери жами 72 мингдан ортиқ талаба қайтарилди.
17 март куни тахминан 6–8 минг , 18 март куни самолёт ва поездларга имтиёзли чипталарни харид қилган 1,5-2 минг талаба жўнаб кетиши билан Тошкентда вилоятлардан келиб ўқиётган талабаларни кузатиш ишлари якунланиши айтилди.
19 мартдан эса Тошкентдаги ётоқхоналар ёпилади.
ЎЗБЕКИСТОН: 641 киши касалхонада, 5661 киши уй шароитида карантинда
Коронавирус аниқланган 10 кишининг яқинлари, улар алоқада бўлган одамлар ва хориждан олиб келинган ўзбекистонликлардан жами 6 минг 302 нафари карантинга олинди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 16 март кунги чиқишида маълум қилишича, 641 киши касалхоналарда, 5661 киши эса уй шароитида карантинга олинган.
А. Шодмонов тиббий муассасаларда карантинда тутиб турилган 641 кишида инфекция аниқланмагани, лекин улар касалланганлар билан яқин алоқада бўлганини билдирди.
Жумладан, Вирусология илмий-текшириш институтида 49 нафар, Тошкент шаҳридаги 6-шифохонада 85 нафар, “Бўстон” санаторийсида 181 нафар, “Энергетик” санаторийсида Сеулдан олиб келинган 212 нафар киши, хусусий шифохоналардан бирида 114 нафар киши карантинга олинган.
Вазирга кўра, карантинга олинган бу одамлар билан мулоқотда бўлганлар уй шароитида карантинга олинмоқда.
Қайд этилишича, икки кун ичида 5661 киши уй шароитида карантинга олинган.
ЎЗБЕКИСТОН: талабалар бепул олиб кетилади
Тошкент шаҳри ва вилоятида ўқиётган қашқадарёлик талабалар уйига бепул олиб кетиладиган бўлди.
Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси шундай ташаббус билан чиққани хабар қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН: беморлар 8 нафарга етди
ССВ 16 март куни Тошкент вақти билан кечки соат 19га келиб, беморлар сони 8 нафарга етганини маълум қилди.
Айтилишича, аввалги 6 кишига қўшилган 2 бемордан бири - 11 март куни Париждан қайтган илк беморнинг қариндоши, яна бири эса 14 март куни Лондондан Ўзбекистонга учиб келган яна бир ватандошдир.
Қуйида расмий баёнот матни билан танишинг:
ТОШКЕНТ: пойтахт ёпилмайди
ЎЗБЕКИСТОН: яна исириқ жанжали
ЎЗБЕКИСТОН: Эронга ёрдам жўнатилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 март куни Эронга ҳимоя воситалари ва дори воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.
Ҳукумат фармойишига кўра, ушбу юк стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалар сингари умумий оғирлиги қарийб 7 тоннага яқин бўлган тиббий буюмларни ўз ичига олади.
Махсус борт қайтишда 28 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан, ёпилган Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, тадбиркорлар, талабалар ва бошқаларни олиб келади.
Улар келиши билан икки ҳафталик карантинга олинади.
ЎЗБЕКИСТОН: "дорихонада ниқоб танқис", "бори сифатсиз"
ССВ: Call-марказга 11 мингдан ортиқ қўнғироқ бўлди
Соғлиқни сақлаш вазири Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кўрилаётган чоралар, аҳолидан тушаётган мурожаатлар, четдан қайтаётган фуқароларнинг карантинда сақлашига оид саволларга жавоб берди.
Унинг айтишича, бугун кечга Ригадан ўзбекистонликларнинг келиши кутилмоқда ва улар Наманган вилоятидаги 2 санаторийда карантинда сақланади.
ҚОНУНЧИЛИК: ваҳима тарқатганга 89 млн. сўмгача жарима
Адлия вазирлиги жарима миқдорини аниқлаштирди:
"Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ: ўзбекистонлик шифохонада
Корея Республикасидаги элчихонаси ахборотига кўра, Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланган Ўзбекистон фуқароси карантинга жойлаштирилган.
"Ҳозирда у ўзини яхши ҳис қилмоқда ва яқинларини безовта қилмаслик учун ўз исмини айтмасликни сўраган", деб хабар қилинди.
РОССИЯ: иқтисодиётни қўлловчи жамғарма очилади
Кескин пастлаб кетган нефть нархлари ҳамда коронавирус пандемияси туфайли йирик иқтисодий муаммоларга дучор бўлган Россия ўз иқтисодини қувватлаш учун 4 миллиард доллар қийматга эга жамғарма тузади.
16 март куни бош вазир Михаил Мишустин таклиф қилинаётган чоралар орасида авиаширкатларни ҳамда туризм ширкатларини вақтинча солиқлардан озод қилиш ҳамда бизнес учун қулай кредитлар ажратиш каби енгилликлар борлигини айтди.
Шунингдек, «Газпром» ва «Роснефть» каби давлат корхоналарига дивиденд тўлашни олти ойгача кечиктиришга изн берилади.
Россия иқтисоди нефть савдосига қарам бўлиб, 9 март куни ушбу хом ашёнинг нархи кескин тушиб кетиши Россия иқтисодига қаттиқ зарба бўлди.
Россиянинг жорий бюджети нефть нархи баррелига 40 доллар бўлса, балансда бўлади. Аммо айни дамда бир баррель нефть нархи 30 доллар атрофида қолмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН: ССВ тақдим этган 3D анимацион видеоролик
ЎЗБЕКИСТОН: талабалар уйига жўнатилмоқда
ЎЗБЕКИСТОН: кунига 60 минг ниқоб чиқараётган тадбиркор
Кунига 60 минг дона ниқоб чиқараётган ўзбекистонлик тадбиркор бу маҳсулот нархи нега қимматлаб кетганини изоҳлади:
"Хомашё ошгани учун ниқоблар нархини оширишимизга тўғри келаяпти", деди ниқоб ишлаб чиқарувчи тадбиркор Хуршида Аҳмедова.
ЎЗБЕКСТОН: Россиядаги ўзбеклар диққатига:
ЎЗБЕКИСТОН: масжидда намоз ўқиш тўхтатилади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун оммавий намозларни тўхтатиш фатвоси билан мусулмонларга мурожаат қилди:
1. Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқисинлар. Шунингдек, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этсинлар.
2. Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин.
3. Масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилсин.
4. Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликни тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшсинлар.
5. Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим.
6. Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.
7. Карантин даврида масжидлар ва таҳоратхоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даврий дезинфекция ишлари ўтказилсин.
ЎЗБЕКИСТОН: 6 беморнинг аҳволи яхши
Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев:
– Ҳозирга қадар коронавирус инфекцияси қайд этилган 6 нафар беморклиникамизда ётқизилган. Улар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стантдартлар асосида даволанмоқда. Беморлар шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган. Умумий аҳволи доимий кузатувга олинган. Айни пайтда беморларимизнинг аҳволи қониқарли.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун барча шароит яратилган. Жумладан, тиббиёт муассасалари зарур дори-дармон воситалари ҳамдамутахассислар билан етарли даражада таъминланган. Шу боис аҳолидан ваҳимага берилмасдан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қоламиз".
ЎЗБЕКИСТОН: бозорда исириқ қимматлади
Турли вилоятларидаги бозорлардан исириқ қимматлагани ҳақидаги видео-фотохабарлар келмоқда.
Шу кунда аксар ўзбекистонлик шифокорлар коронавирусдан сақланиш учун аҳолига исириқ (гармала) тутунини ҳидлаш ёки исириқ қайнатилган сув буғида ингаляция қилишни тавсия қилмоқда.
Аксар ҳудудларда исириқ дорихоналарда махсус қадоқларда сотилмоқда.
Бунинг ортидан килограми 3 ярим минг сўм бўлган исириқ бир - бир ярим баробарга қимматлагани кузатилмоқда. Шунга қарамай, турли вилоятларда аҳоли исириқни килограмлаб харид олмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН: божхона ходими аҳолини тинчлантирмоқда
Телеграм тармоғидаги каналларда аҳолини тинчлантиришга уринган божхона ходимининг видеомурожаати тарқалди.
Бу ходим коронавирус сабаб Ўзбекистонда 16 мартдан жорий этилган чекловларнинг ташқи савдога таъсир қилмаслиги, яъни омборлар бўшаб қолмаслигини таъкидламоқда.
ҚЎҚОН: ҳокиму прокурор ҳам бозорда
Озодликка Телеграм тармоғи орқали йўлланган фотохабар:
"Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, шаҳар прокурори, шаҳар прокуратураси ҳузуридаги департамент бошлиғи, шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи билан биргаликда Қўқон Деҳқон бозорида озиқ-овқат маҳсулотларини асоссиз ошириш ҳолатларини олдини олиш мақсадида тушунтириш ишларини олиб бормоқда".
ССВ ТАВСИЯ: вирусдан қандай сақланиш мумкин?
ЎЗБЕКИСТОН: ИИВ прописка режимини унутмади
Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, 16 март куни ИИВ прописка режимига оид эълон қилган янги лойиҳа қатор чекловларни назарда тутади.
"Коронавирус ва карантин майлику, лекин бошқа мавзулар эсдан чиқиб қолмасин. Мисол учун, бугун ички ишлар вазирлиги пропискани соддалаштиришга оид қарор лойиҳасини эълон қилди. Ушбу қарор лойиҳасидан кўринадики, прописка бўйича деярли ҳеч қандай енгилликлар берилмайди, иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат берилишини ҳисобга олмаганда. Аксинча, олдингига қараганда айрим оғирлаштирувчи бандлар таклиф этилмоқда", деб ёзди блогер.
Коронавирус ҳақида тўлиб-тошган хабарлар сирасида бу муҳим мавзуга ҳам қуйида бирров кўз югуртиришингиз мумкин:
ҚАШҚАДАРЁ: жамоат транспортида дезинфекция
ЎЗБЕКИСТОН: чекловлар ташқи савдога таъсир кўрсатмайди
Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси коронавирус тарқалиши олдини олиш учун 16 мартдан мамлакатда жорий этилган кескин чекловлар ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди, деб баёнот тарқатди.
“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чекловлар юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида юк ташиш билан шуғулланувчи шахслар, уларнинг транспорт воситалари ва ташилаётган ташқи савдо юкларига таалуқли эмас”, дейилади баёнотда.
ЖИЗЗАХ: ташаббус
ЎЗБЕКИСТОН: бозорларда озиқ-овқат учун тирбандлик
Республиканинг турли вилоятларидан бозорларда тирбандлик бошлангани, айрим ҳудудларда аҳоли узоқ турадиган маҳсулотларни ғамлашга ўтгани кузатилмоқда.
Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкентдаги озиқ-овқат дўконлари ҳамда бозорларида аҳолининг ун, ёғ, картошка, пиёз каби маҳсулотларни кўп-кўп харид қила бошлагани акс этган видеолар Озодликка тинимсиз келмоқда.
Аксар ҳудудларда савдо муассасалари раҳбарияти ва маҳаллий ҳокимият идоралари аҳолини тинчлантиришга уринмоқда.
Жумладан, Андижондаги саросима ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов изоҳ берди.
ЎзА нашрига берилган изоҳда шундай дейилган:
"Солиқ бошқармасида махсус штаб тузилиб, бу борадаги ишлар мувофиқлаштириб борилмоқда. Ходимларимиз бозорлар, савдо мажмуаларига бириктирилди. Ҳар соатда бозорлар ва савдо мажмуаларидаги ҳолат, нарх-наво бўйича ахборот олиниши йўлга қўйилди, қаерда сунъий нарх оширилишига йўл қўйиш ҳолати кузатилса, зудлик билан бартараф этилади. Тадбиркор ва савдогарлардан ун, ёғ ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархини оширмаслик юзасидан тушунтириш хатлари олинмоқда".
ЎЗБЕКИСТОН: Ригадан келадиганлар карантинга олинади
Телеграм ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА ва бошқа идоралар матбуот хизматлари ташкилган қилган Koronavirus Info каналида берилган хабар:
"16 март куни Рига — Тошкент йўналиши бўйича бўлган Uzbekistan Airways’нинг HY104 қатнови Наманган шаҳрига келади. Ушбу қатнов билан келган барча йўловчилар Наманган шаҳрида карантинга юборилади.
Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туриши масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига 71 276-49-66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин".
ДУНЁ: ўлганлар сони 6 мингдан ошди
16 мартга келиб, дунё бўйлаб вирус 135га яқин давлатда қайд этилди, юқтирганлар расмий сони 162 мингдан, ўлганлар сони эса 6 минг кишидан ошди.
ЖССТ Европа ҳануз COVID-19 пандемияси маркази бўлиб қолаётганини билдирди. Аксар Европа давлатларида фавқулодда вазият амалда қолмоқда, таълим даргоҳлари, савдо марказлари, йирик ташкилотлар ёпиқ қолмоқда.
COVID-19 пандемиясининг Европада шиддат билан ёйилиб бораётгани боис йирик бизнес ширкатлари ишининг тўхтаб қолгани дунё бўйлаб иқтисодий бўҳронга тортаётганидан жиддий хавотир бор.
16 мартдан бошлаб, Испания ҳам мамлакат бўйлаб карантин эълон қилди. Сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинган 2 минг киши аниқланди, жами беморлар сони 8 минг кишига етди. Испания Европанинг пандемия ўчоғи бўлган, Италиядан кейинги, иккинчи давлатига айланди.
Италияда 16 мартга келиб, вирусга чалинганлар сони 17 ярим мингдан ошди, ўлганлар сони эса 1200 кишидан ортиқ.
ЎЗБЕКИСТОН: Коронавирусга чалинганлар сони 6 нафарга етди
COVID-19 инфекцияси аниқланган тошкентлик аёлнинг ўғли ва қизида ҳам коронавирус аниқланди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди:
“Бемор билан бирга мулоқотда бўлган барча оила аъзоларини ҳам республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилди. Мутахассисларимиз томонидан уларга тиббий назорат ўрнатилиб, ихтисослашган лаборатор таҳлилдан ўтказилди. Таҳлил натижалари беморнинг ўғли ва қизида коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатди”, дейилади вазирлик хабарида.
Аёл билан бирга яшайдиган 10 нафар оила-аъзоси ҳам Вирусология институти клиникасига ётқизилганди.
Кейинроқ аёлнинг турмуш ўртоғи ва набираси ҳам инфекцияга чалингани ҳақида маълумот тарқатилди.
Расмий хабарга кўра, аёл яшаган кўпқаватли уйдаги хонадонлардан 230 киши тиббий кузатувга олинган.
Вазирлик шунингдек, ушбу оилага алоқаси бўлмаган бошқа бир ўзбекистонликда ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабар қилди.
“15 март куни соат 05-15 да Ўзбекистон ҳаво йўллари авиа компаниясига қарашли Истанбул - Тошкент йўналишидаги 274- рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция аниқланган. Лаборатор таҳлил республика Вирусология илмий текшириш институтида ўтказилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистон: Хориждан қайтганлар санаторийда 14 кун карантинда бўлади
16 мартдан Ўзбекистоннинг хориж давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилгани сабаб чет элдаги ўзбекистонликларни ватанга қайтиши учун чартер рейслари ташкил қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, хориждан қайтган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинда сақланганидан сўнг, касаллик аниқланмаса, уйларига рухсат берилади.
Шодмоновга кўра, 15 март куни Жанубий Кореядан чартер рейс билан 250 нафар ўзбекистонлик олиб келинади.
Уларнинг бирортасига уйига боришига рухсат этилмайди. Уларнинг барчаси Тошкент вилоятидаги «Энергетик», «Бўстон» ва «Чотқол» санаторийларига 14 кунлик карантин учун жойлаштирилади.
Шодмонов хориждан қайтган ватандошлар санаторийларда тиббий текширувдан ўтказилиб, 14 кундан сўнг уларга жавоб берилишини таъкидлади.
Вазир текширув ва санаторийдаги 14 кунлик сарф-ҳаражат ким томонидан қопланишига ойдинлик киритмади.
Ўзбекистон: Бозорлар ёпилмайди, тўйлар тўхтатилмайди
Мамлакатда коронавирус сабаб жорий қилинган тақиқлар бозорларга тааллуқли эмас.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Телеграм тармоғи орқали пойтахт бозорлари ёпилмаслиги ҳақида хабар қилди:
“Коронавирус профилактикаси чора-тадбирлари доирасида шаҳар бозорлари ёпилмайди. Уларнинг иш тартиби ўзгаришсиз қолдирилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев нафақат пойтахт бозорлари балки мамлакат бўйлаб бирорта ҳам бозор ёпилмаслигини таъкидлади.
15 март куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов коронавирус баҳонаси билан бозорларда нарх-навони асоссиз оширилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.
“Нарх-наво бўйича ҳамма қаттиқ огоҳлантирилмоқда, ўйин қилмоқчи бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Бу халқ бошига тушган синов. Бу вазиятдан биргаликда чиқиб кетишимиз мумкин”, деган Арипов.
Ҳукумат озиқ-овқат заҳираси етарли экани ва ваҳимага берилиб, ортиқча сотиб олишга ҳожат йўқлигини ҳам таъкидлади.
Бироқ тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, мамлакат бозорларида нарх ошгани кузатилган.
Жумладан, Самарқандда 2500 сўмлик нон 5000 сўмга чиққани ҳақида Фейсбукдаги Потребители Самарканда гуруҳида хабар қилинди.
Тошкентда айрим дўконлар пештахталари бўшаб қолгани акс этган видеолар ҳам тармоқларда тарқалди.
15 март кунги брифингда Бош вазир Абдулла Арипов коронавирус бўйича чекловлар тўйларга ҳам таъсир қилмаслигини таъкидлади.
Ўзбекистон: “1003”- коронавирус бўйича колл марказ рақами
16 мартдан Ўзбекистонда коронавирус бўйича маълумот берувчи махсус колл-марказ ишга тушади.
Бу ҳақда 15 март кунги махсус йиғилишда маълум қилинганди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг Kun.uz нашрига маълум қилишича, колл-марказ “1003” рақами билан фаолият олиб боради.
Аҳоли колл-марказга коронавирус бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин.
ЎЗБЕКИСТОН: илк бемор ҳақида қўшимча маълумот берилди
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими илк ҳолатга оид қўшимча маълумотларни маълум қилди:
"Вирус аниқланган илк бемор жорий йилнинг 14 мартида Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига ётқизилган.
Унда COVID-19 коронавирус инфекцияси борлиги 15 март куни эрталаб соат 06.00да тайёр бўлган таҳлил натижасидан маълум бўлган.
Бемор 2020 йилнинг 28 февралдан - 11 мартига қадар Францияда сайёхатда бўлган.
11 март куни соат 6:00 да Париж-Тошкент 252-рейси билан Тошкентга учиб келган. Тошкент халқаро аэропорти санитария-карантин пунктида термометрия ҳамда бирламчи тиббий текширувдан ўтказилган ва текширув давомида касаллик белгилари аниқланмаган.
Асосий яшаш манзилига аниқлик киритилиб, уй шароитида 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.
13 мартга келиб, бемор томоғида қичишиш, тана ҳарорати кўтарилиши ҳамда йўтал белгилари билан шифохонага ётқизилган. 14 март куни таҳлил учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига намуна олинган ва 15 март куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган.
Расмий маълумотга кўра, самолётда бемор билан 48 нафар йўловчи келган. Улардан 24 нафари транзит йўловчи бўлиб, қолган 24 нафари Ўзбекистонда қолган. Ушбу фуқароларнинг 4 нафари Франция, 1 нафар Италия ва 1 нафар Бразилия фуқаролари ташкил қилади.
Ўзбекистонда қолган 24 нафар фуқаролар асосий яшаш манзили бўйича рўйхатлари шакллантирилди. Уларни 14 кунлик карантин ўтказиши учун махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди.
Беморнинг 10 нафар оила аъзолари тўлиқ текширувдан ўтказиш учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига жойлаштирилди.
Бемор истиқомат қилувчи кўп қаватли уй ва бемор хонадонида дезинфекция тадбирлари ўтказилди.
Шу билан бирга, мазкур кўп қаватли уйда яшовчи 230 фуқаро рўйхати шакллантирилиб, тиббий кузатувга олинди".
ЎЗБЕКИСТОН: 16 мартдан мамлакат ёпилади
15 март куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳукумат йиғилишида қатнашган қатор маҳаллий нашрлар ва блогерлар, жумладан, davletovuz Telegram каналининг хабар қилишича, мажлисда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун кескин чоралар белгиланган:
- 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади: фуқароларнинг четга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланади, хориждаги ўзбекистонликлар қайтиши учун шароит яратилади;
- 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчлар баҳорги таътилга чиқарилади - ёпилади. Айтилишича, бу таътил 3 ҳафта давом этиши мумкин;
- Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилинди, Тошкентдаги талабаларнинг уйларига - вилоятларга қайтиши учун темир йўл ва авиачипталарга 50 фоиз чегирма берилади;
- Коронавирус вақтида фуқаролар саволларига жавоб бериш учун 16 мартдан Ягона колл-марказ ташкил қилинади;
- Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади;
- Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилди.
ЎЗБЕКИСТОН: ёлғон хабар тарқатган жазоланади
Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат йиғилишида карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима уйғотадиган хабарлар тарқатадиган шахслар кескин жазоланиши айтилди.
Айтилишича, бундай шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилиши мумкин.
ЎЗБЕКИСТОН: илк ҳолат қайд этилди
15 март куни соат 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ҳозир суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.
Айтилишича, вирусга чалинган бемор - олий тоифали шифокор бўлган аёлдир ва у Франциядан қайтгач, алоқада бўлган барча оила-аъзолари ҳам назоратга олинган.
ЎЗБЕКИСТОН: 150 киши изоляцияга олинди
Коронавирус аниқланган аёл 11 мартда Париждан учиб келган ва у келган самолётда 48 йўловчи бўлган.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Телеграм каналида хабар қилишича, Бош вазир 15 март куни ўтказган йиғилишда йўловчиларнинг 24 нафари хорижлик экани ва улар транзит орқали хорижга кетишгани айтилган.
Йўловчиларнинг ярмини ташкил қилган ўзбекистонликларда эса ҳозирча коронавирус аломатлари аниқланмаган.
Ҳозирда, бу йўловчилар ва хаста аёл билан мулоқот қилган оила-аъзолари, қариндошлари, қўни-қўшниларидан иборат жами 150 киши назоратга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилди.
ЎЗБЕКИСТОН: илк ҳолат бўйича расмий баёнот
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов Ўзбекистонда аниқланган илк ҳолат бўйича баёнот берди:
"Мавжуд вазият бўйича хавотирга ўрин йўқ. Ушбу бемор билан мулоқотда бўлган шахслар, у билан бирга Франциядан учиб келган йўловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилган, уларнинг яшаш жойларини аниқлаш ва улар устидан тиббий кузатув ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши барча тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу хабардан кейин аҳоли ўртасида ваҳима уйғониши керак эмас. 80 фоиз ҳолатларда касаллик енгил ўтмоқда, 15 фоиз ҳолатларда ўрта даражада, фақат 5 фоиз ҳолатларда оғир ҳолат. Касаллик оғир ўтиши ҳолатлари сурункали касаллиги бор ёши катта одамларда кузатилмоқда.
Кўряпмизки, касалланганларнинг 50 фоиздан ортиғи бутунлай соғайиб, нормал ҳолатга қайтган. Шунинг учун, халқимиздан сўрардикки, ваҳимага тушмасдан, шахсий гигиена қоидаларига жиддий риоя этишларини, хонадонларини озода сақлаш, жамоат транспортидан фойдалангандан кейин доим қўлларни совунлаб юриш, зарарсизлантирувчи воситаларни қўллаш тавсия этилади".
ЎЗБЕКИСТОН: таълим муассасалари 16 мартдан ёпилади
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши билан барча таълим муассасаларини 16 мартдан ёпиш қарори эълон қилинди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилади.
Халқ таълими вазирлигининг хабар қилишича, таътил вайтида ўқувчилар учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси видеодарслар намойиш қилади.
Видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва тасвирга олиш учун ташкилий-ижодий гуруҳ тузилади.
Видеодарслар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги каналлар ва расмий веб-сайтларида, электрон ахборот порталлари (onlain maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади.
Шунингдек, мактабларда тозалик ва дезинфекция тадбирлари кучайтирилади.
ЎЗБЕКИСТОН: 6 давлат фуқароларининг кириши тақиқланди
Ўзбекистон 14 март кунидан бошлаб Франция, Испания ва Британия билан авиқатновларни вақтинча тўхтади.
Айни санадан бошлаб Хитой, Корея Республикаси, Италия, Эрон, Франция ва Испания фуқаролари ва бу мамлакатларда доимий яшайдиган шахсларнинг Ўзбекистонга кириши ҳам вақтинча чекланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш агентлиги 14 март куни маълум қилди.
Охирги 14 кун ичида бу давлатларда бўлган хорижий фуқаролар ҳам Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.
"Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ўз вебсаҳифасида Париж, Лондон, Франкфурт, Тель-Авив, Банкгок ва Куала Лумпурдан келиш учун чипта харид қилган хорижликларга чипта харажатлари қайтариб берилишини маълум қилган.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ: 1 ўзбекистонлик вирусга чалинди
Жанубий Кореяда коронавирусга чалинган шахсларнинг 60 нафари чет эл фуқаролари бўлиб, улардан камида бир нафари ўзбекистонликдир.
Бу ҳақда Кореянинг Newsis портали хабар берди.
Ўзбекистон фуқаросида касаллик қачон аниқлангани, унинг жорий аҳволи ва қаерда экани ҳақида маълумот йўқ.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолат бўйича ҳозирга қадар ахборот бермаган.
Жанубий Кореяда Ўзбекистон фуқаросининг коронавирус юқтириб олгани ҳақидаги маълумот — бу Ўзбекистон фуқаролари орасида ушбу касалликка чалиниш билан боғлиқ илк тасдиқланган ҳолатдир.
Маълумот учун, Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус билан касалланган беморлар қайд этилгани йўқ.
Жанубий Кореядаги коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган марказий штаб маълумотларига кўра, мамлакатдаги коронавирусга чалинган чет эл фуқароларининг 38 нафари хитойлик, етти нафари эса АҚШ фуқароси.
Бундан ташқари, Мўғулистон, Вьетнам, Аргентина, Австралия, Таиланднинг икки нафардан, Индонезия, Япония, Польшанинг бир нафардан фуқаролари ҳам Жанубий Кореяда коронавирусга чалинган.
ЎЗБЕКИСТОН: ССВ ёлғон хабар тарқатганлар учун жазо сўради
"Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
13 март куни эълон қилинган лойиҳани Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ишлаб чиққан.
Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига битта модда қўшиш таклиф қилинган.
Қўшимчада ёлғон хабар тарқатди, деб топилган шахсларнинг хабар тарқатишда фойдаланган воситаларини мусодара қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача жаримага тортиш қайд этилган:
"189-2-модда. Ёлғон маълумотлар тарқатиш
Оммавий ахборот воситаларида, ахборот ва телекоммуникация тармоқларида, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб фуқароларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига, мулкка хавф туғдирувчи, жамоат тартибини оммавий бузишга ва (ёки) жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг нормал фаолият юритишига халақит берувчи ишончли хабарлар ниқоби остида ижтимоий аҳамиятга эга ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни била туриб тарқатиш — маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети ҳисобланган воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса қирқ баравардан олтмиш бараваргача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади".
Лойиҳада келтирилган изоҳга кўра, COVID-19 вирусига оид ёлғон хабарларнинг тарқалишидир.
Бунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалиб, 2 кишининг 16-касалхонага ётқизилгани ҳақидаги аудиохабарларни рад қилди.
Бундан ташқари, вазирлик Олмалиқ шаҳрида вирус сабабли 17 киши вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио хабарга ҳам раддия берди.
ССВнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига кўра, бу маълумот “мутлақо асоссиз ва ёлғон”.
Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Дилшод Саиджонов ОАВ ва блогерларни коронавирус ҳақида тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликка чақирди.
ССВ “14 кунлик тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5082 нафарида ҳеч қандай инфекция аломатлари аниқланмаганлиги учун кузатувдан чиқарилгани, 2214 нафар фуқароларда эса тиббий кузатув давом эттирилаётгани”ни билдирган.Аммо, тармоқларда ССВнинг бу таклифи цензурага йўл очиб бериши мумкин, деган хавотирлар тилга олинмоқда.
Жумладан, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев: "Соғлиқни сақлаш вазирлигининг турли эпидемиялар фонида ёлғон хабарлардан фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиққан қонун лойиҳаси цензурани кучайтиришга йўл очиб бериши мумкин. Тўғриси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот соҳасидан кўра тиббиёт соҳасида тиқилиб ётган муаммоларни бартараф қилиш бўйича қонун лойиҳа ишлаб чиқса бир оз мантиқлироқ бўлармиди. Яна билмадим..." деб ёзди.
ЖССТ: Европа пандемия марказига айланди
Вирусдан ўлганлар сони дунё бўйлаб 5 минг кишидан ошди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус тарқалиш сурати Европада тезлашиб кетгани ва энди Хитой эмас, Европа пандемия марказига айланганини маълум қилди.
Ҳозирча биргина Монтенегрода вирус чиқмади. Европанинг 5 давлати - Италия, Франция, Германия ва Швейцарияда мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди.
Баъзи Европа давлатларида фавқулодда вазият жорий қилинди - ўзаро чегаралар ёпилди, катта тадбирлар бекор қилинди, савдо дўконлари, мактаблар ёпилди, ташкилотлар ходимлари уйидан ишлаш режимига ўтди.
Италияда вазият оғирлашиб бормоқда - сўнгги 24 соат ичида ўлганлар сони 25 фоизга ошди - 250 киши ўлди. Жами ўлганлар сони 1 минг 266 кишига етди.
Европа давлатлари вирусга қарши кураш чораларини фавқулодда кучайтирмоқда, айрим давлатлар, жумладан Чехия, АҚШ фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Вирус 120га яқин давлатда қайд этилди, юқтирганлар расмий сони 132 минг, ўлганлар сони эса 5 мингдан ошди, 68 минг киши тузалди.
ЎЗБЕКИСТОН: чипталар жаримасиз қайтарилади
Uzbekistan Airways коронавирус сабаб хориж фуқароларига тўловларсиз чипталарни қайтаришини маълум қилди.
Ширкат берган эълонга кўра, коронавирус туфайли авиқатновлар тўхтатилган мамлакатларда туриб, март ва апрель ойлари учун Ўзбекистонга чипта олиб қўйган йўловчиларга авиачипталар жарима тўловисиз қайтарилади.
Булар Париж, Лондон, Франкфурт, Тель-Авив, Бангкок, Куала-Лумпур шаҳарлари орқали режалаштирилган ва вақтинча тўхтатилган рейсларга чипта олган хориж давлатлари фуқароларидир.
Айни ёки шу каби бошқа имконият Ўзбекистон ватандошларига ҳам бериладими-йўқми - бу ҳақда маълумот берилмади.
Қозоғистон: Германиядан қайтган 2 талабада коронавирус аниқланди
Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов 13 март куни маълум қилди.
Иккала талаба ҳам¸ айтилишича¸ Қозоғистон фуқароси ва улар самолëтда Олмаотага келган. Вазирга кўра¸ ҳар иккала талаба ҳам карантинга олинган.
Бу Қозоғистонда коронавирус юқтиришга оид расман тасдиқланган биринчи ҳолатдир.
Бу баëнот арафасида президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги оммавий тадбирларни бекор қилиш ҳақида буйруқ берган эди
ЧЕХИЯ: фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилинди
Чехия Республикасида коронавирус важидан фавқулодда вазият тартиби жорий қилинди.
Бош вазир Андрей Бабишга кўра, фавқулодда вазият тартиби “аҳоли саломатлигига хавф” сабабли 30 кунга киритилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, 13 мартдан бутун мамлакат бўйлаб барлар, ресторанлар ва умумий овқатланиш шохобчалари кечки соат 20.00 дан эрталабки соат 6.00 гача ёпиқ қолиши лозим.
Спорт майдончалари, бассейнлар, музейлар ва кутубхоналар ҳам ёпилмоқда. 30 кишидан кўп одам иштирок этадиган оммавий тадбирларнинг барчаси, хусусан, диний, спорт ва маданиятга оид тадбирлар тақиқланади.
13 мартга ўтар кечаси Чехия чегараларида ҳам чора-тадбирлар кучайтирилди. Мамлакат ҳудудига коронавирус энг кўп тарқалган 13 ўлкадан (Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Испания, Австрия, Германия, Швейцария, Швеция, Норвегия, Ҳолландия, Бельгия, Буюк Британия, Дания ва Франция) хорижликлар кириб келиши тақиқланди. Бу мамлакатлардан қайтаётган чехияликлар мамлакат ҳудудига фақат муайян назорат-ўтказиш масканлари орқали текширувдан ўтган ҳолда кириб келишлари мумкин.
Бу муддат ичида виза бериш ҳамда виза учун ариза қабул қилиш ҳам тўхтатилади.
Аввалроқ Чехияда иштирокчилари сони 100 нафардан ошган тадбирлар бекор қилинган, мактаблар ёпилган эди.
Шу кунда бу мамлакатда коронавирус юқиши билан боғлиқ 113 та ҳодиса (улардан 50дан ортиғи пойтахт Прагада) қайдга олинган.
ЎЗБЕКИСТОН: Россиядан тест-системалар келди
Россия Ўзбекистонга коронавирусни аниқлайдиган тест тизимларини юборди.
"РИА Новости" агентлигининг хабар қилишича, бу ҳақда Роспотребнадзор ташкилоти маълум қилган.
Хабарга кўра, Россия Эрон Озарбайжон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Мўғулистон ва Хитой тест тизимларини юборган ва тизимлар бепул берилган.
Айтилишича, жўнатилган тизимлар сони жами 800 та ва бунча тест тизими ёрдамида 80 мингдан ортиқ таҳлил ўтказилиши мумкин.
Шунингдек, хабарда айтилишича, Россия Эронга ҳам 500 та тузилмани бепул йўллаган, бунинг барчаси, коронавирус пандемияси олдини олишга беғараз ёрдамдир.
ЎЗБЕКИСТОН: вирус тарқалган ҳудуддан 55 киши қайтди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги:
"2020 йил 15 январдан - 11 мартгача (кечки соат 18 га қадар) Хитой Халқ Республикаси ва 29 феврал кунидан эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан Ўзбекистон Республикасига келган фуқаролар жами – 7 056 нафар.
1 911 нафари саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.
Охирги 15 кун ичида коронавирус тарқалган давлатлардан қайтган шахслар 55 нафар, улар орасида иситма ва юқори нафас йўлларининг шамоллаш белгилари бўлган кишилар аниқланмади.
Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 11 март соат 18:00 ҳолатига кўра “COVID-19” коронавирус инфекцияси қайд этилмади.
Агарда сизда COVID-19 коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол тўғилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин".
ЁРДАМ: Италия ва Буюк Британия катта маблағ ажратади
Италия билан Буюк Британия касалликка қарши қарши курашиш учун кўп миллиард долларлик маблағ ажратилишини билдирди.
Италия ҳукумати шу мақсадда дорихоналар билан озиқ-озиқ дўконларидан бошқа барча дўконларини ёпмоқчи эканини айтди.
12 мартга келиб Италияда вирусга чалинганлар сони 12 минг 400 дан ошди, 827 нафар одам вафот этди. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
ЎЗБЕКИСТОН: Мирзиёев махсус йиғилиш ўтказди
Президент Мирзиёев 11 март куни коронавирус олдини олиш чора-тадбирларига масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига хорижий тажриба асосида мутлақо янги тизимни яратишни топширди.
Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт илмий-тадқиқот университети ҳамда Туркиянинг Баҳчешеҳир университети филиал ва клиникаларини очиш ишларини жадаллаштиришни таъкидлади.
ЗИДДИЯТ: Германия ва Чехия раҳбарлари баёноти
Германия канцлери Ангела Меркель эпидемиологлар мамлакат аҳолисининг 60-70 фоизи вирус юқтириши мумкинлигини башорат қилаётганини хабар қилди.
Аммо, канцлернинг қўшни Чехиядаги маърузаси яхши қарши олинмади – мамлакат бош вазири Андрей Бабич уни ваҳима тарқатишда айблади.
Чехияда 12 мартга келиб, вирусга чалинганлар сони 96 кишига етди, ўлим ҳолати йўқ.
Таълим муассасалари ёпиқ, айрим йирик ташкилотлар ходимлари, хусусан Озодлик ходимлари ҳам уйдан ишлаш режимига ўтказилди.
ЖССТ: COVID-19 вирусининг ёйилишига пандемияга айланди
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйлаб коронавируснинг ёйилиши жараёни пандемия босқичига ўтганини маълум қилди.
11 март оқшомида ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус: "COVID-19 касаллигини пандемия, деб аташ мумкин деган хулосага келди", деб баёнот берди.
Гебрейесус яқин кунлар ва ҳафталар ичида коронавирусни юқтирган одамлар ва бу вирус тарқалган давлатлар сони ортишига ҳозир туриш кераклигини таъкидлади.
РОССИЯ: "Аэрофлот" парвозларни чеклади
"Аэрофлот" ширкати 13 мартдан апрелга қадар, Европанинг 18 та шаҳрига парвозларни чеклади.
Булар орасида вирусга чалинганлар сони 1000 нафардан ортган 4 давлат - Италия, Испания, Франция ва Германиядаги шаҳарлар бор.
Италияга парвозлар фақат - Римга амалга оширилади, Испанияда эса фақат Мадрид ва Барселонага амалга оширилади ва бу давлатлардаги фуқаролар ортга қайтарилади.
Россия 13 мартдан бошлаб италияликларга сайёҳлик визаси беришни ҳам тўхтатади, бундан фақат бизнес, гуманитар, дипломатик ва хизмат кўрсатиш визалари мустасно.
Россияликлар саёҳатга боришни хуш кўрадиган Италияда 12 400 дан ошиқ одамнинг вирус юқтиргани ва 827 нафарининг ундан вафот этгани қайд этилди. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
11 март куни Россияда 28 киши коронавирус юқтиргани, шулардан 6 нафари пойтахтда ва яна 2 нафари Москва вилоятида экани хабар қилинди. Улардан бир нечтаси вирусни Италияга сафар пайтида юқтирган.
Россияда ўлим ҳолати қайд этилмади.
АҚШ: 26 Европа давлатига эшикларини ёпди
АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус тарқашини тўхтатишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида европаликларнинг Америка ҳудудига киришини 30 кунга тақиқлаб қўйди.
13 мартдан бошланадиган бу тақиқ¸ Европадан уйига қайтадиган америкаликларга тааллуқли эмас. АҚШ ва Британия фуқаролари махсус тиббий кўрикдан ўтказилган сўнг Америка ҳудудига кириши мумкин.
Америкаликларга Оқ уйдан туриб қилган телемурожаатида Трамп¸ “Европадан кириш тўхтатилади” дер экан¸тақиқнинг айнан қайси давлатларга тааллуқли эканини аниқлаштирмади.
Трамп баëнотидан сўнг Оқ уй эълон қилган хабарда тақиқнинг 26 давлат аъзо Шенген ҳудуди аҳолисига тегишли экани айтилди.
Бу аниқламадан¸ Шенгенга кирмаган Европа давлатлари¸ хусусан¸ Британия билан борди-келдининг очиқ қолаëтгани тушунилмоқда.
Вашингтон шаҳри мэри Мюриэл Боузер эса 11 мартда 10 кишининг вирусга чалингани қайд этилгандан сўнг пойтахтда фавқулодда ҳолат жорий этди ҳамда 1000 ёки ундан ортиқ одам тўпланиши мумкин бўлган йиғинларни бекор қилишга тавсия берди.
ҚОЗОҒИСТОН: Оммавий тадбирлар бекор қилинди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясини эълон қилиши ортидан Қозоғистонда оммавий тадбирлар бекор қилинди.
Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Твиттердаги ўз саҳифаси орқали эълон қилди.
Кейинроқ мамлакат бош вазирининг ўринбосари Ерали Тугжанов Нур-Султон шаҳрида ўтган брифингда 13 мартдан оммавий байрамлар, маданият ва спортга оид тадбирлар, конференциялар, кўргазмалар, семинарлар ва бошқаларни ўтказиш тақиқланишини билдирди.
Аввалроқ қозоқ расмийлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган тадбирларни бекор қилганди.
ЎЗБЕКИСТОН: ИИВ талабани шифохонага ётқизди
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида Хитойдан қайтган ва уйида иситмалаб қолган талабани ИИБ ходимлари мажбурлаб шифохонага ётқизди.
Озодликка 11 март куни тақдим этилган ҳужжат - маълумотномада 27 февраль куни содир бўлган ҳодиса баён қилинган.
Маълумотномани Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Б.М. Хидиров 27 февраль куни имзолаган.
Унда баён қилинишича, 1998 йилда туғилган жарқўрғонлик йигит шу йилнинг 14 февралида Хитойдан Россия орқали самолётда Ўзбекистонга қайтган. Сўнгра поездда Термизга кетган ва 16 февраль куни у ердан Жарқўрғондаги уйига борган.
Бу йигит уйига келиши билан шифокорлар назоратига олинган. Аммо, орадан 13 кун ўтиб иситмаси чиқа бошлаган. Тана ҳарорати 37,4 даражага кўтарилгач, уни шифохонага ётқизишган.
Шифохонада тегишли таҳлиллар олингач, шифокорларнинг эътирозига қарамай, талаба йигитни отаси уйига олиб кетиб қолган.
"Вилоят Санитария эпидеомиологик-осойишталик марказидан мутахассислар келиб, беморни шифохонага қайтара олмагач, тахминан соат 19:30 ларда туман ИИБга мурожаат этишганлиги боис, ИИБ ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори ёрдамида шифохонага олиб келинган", дейилади муълумотномада.
Шунингдек, унда талабадан олинган таҳлил натижалари 28 февраль куни кечки 18:00 гача маълум бўлиши айтилган.
11 март куни Жарқўрғон тумани ИИБ ходимининг Озодликка маълум қилишича, Хитойдан қайтган талабанинг аҳволи ўша куниёқ яхшиланган, ўша куниёқ тана ҳарорати тушган, таҳлил натижаларида эса коронавирус топилмаган.
Шунингдек, ИИБ ходими коронавирус тарқалиши олдини олиш учун ҳозир нафақат вирус тарқалган давлатлар, балки исталган хориж давлатидан қайтган шахслар дарҳол шифокор назоратига олинаётгани, ИИВ тизимлари буни қаттиқ назорат қилаётганини билдирди.
Озодлик айнан Жарқўрғон туманидаги талабанинг 28 февраль куни чиқиши кутилган таҳлил натижаси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевга ҳам боғланди.
Ундан олинган маълумотга кўра, 11 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган. Коронавирусни аниқлаш учун тест ситемалари мамлакатдаги барча инфекцион касалликлар шифохоналарига етказилган.
ЎЗБЕКИСТОН: алкоголь маҳсулотлари вирусдан сақлолмайди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини алкоголь маҳсулотлари вирусдан сақлаши ҳақидаги гапларга ишонмасликка чақирди.
11 март куни вазирлик тарқатган баёнотда шундай дейилади:
"Ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан “коронавирусдан сақланиш учун алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим” мазмунидаги хабарлар мутлақо ёлғон ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай смс хабар юборилмаган.
Якдил хулосасига кўра, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган.
Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолади".
ЎЗБЕКИСТОН: "Зиёрат туризми ҳафталиги" кечиктирилди
Туризмни ривожлантириш қўмитаси 12-16 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Зиёрат туризми ҳафталиги” коронавирус тарқалиши сабаб кечиктирилди.
"Инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида дунё бўйлаб йирик тадбирлар кечроқ муддатга қолдирилмоқда. “Зиёрат туризми ҳафталиги” ўтказиладиган сана аниқ бўлган тақдирда,бу ҳақидаги маълумот uzbektourism.uz сайтида тақдим этилади", дейилади қўмита хабарида.
ЎЗБЕКИСТОН: "Фэйк хабарлар"га қандай чора кўрилмоқда?
10 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг профилактикаси ва кириб келиши олдини олишга бағишланган анжуман уюштирди.
Журналистлар шу кунда Ўзбекистон вирус тарқалаётганига оид турли хабарлар, жумладан "фэйк хабарлар"га қандай чора кўрилаётганини сўради.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов рост хабарларни тарқатиш билан чора кўрилаётганини айтди.
Соғлиқни сақлаш вазири: "Биз касалликни беркитаётганимиз йўқ, уни беркитишнинг иложи ҳам йўқ. ОАВ вакилларига, халқаро ташкилотларга, жамоатчиликка мурожаат қилмоқчиман – асоссиз, фейк хабарлар билан курашишда ҳамкорлик қилайлик, бизга ёрдам беринг”, деди.
Қуйидаги линк орқали тадбирни томоша қилишингиз мумкин:
ИТАЛИЯ: қурбонлар сони 36 фоизга ошди
Италияда коронавирусдан ўлганлар сони бир кунда 168 кишига кўпайиб, жами 631 кишига етди.
Reuters агентлигининг мамлакат расмийларига таяниб хабар қилишича, қурбонларнинг асосий қисми Ломбарди шаҳрига тўғри келади.
Бунга қадар расмийлар бу шаҳарда вирусдан ўлганлар сони ҳануз аниқланаётганини билдирган эди.
Коронавирус Италияда илк бор 21 февралда қайд этилди. 18 кун ичида 631 одам ўлди, 10 минг 149 одам вирусни юқтирди.
10 мартдан бутун мамлакат карантинга олинди.
Айни пайтда, вирусни юқтирганлардан 1 минг 4 нафари тузалган.
БУЮК БРИТАНИЯ: вирусни юқтирганлар 373та бўлди
Буюк Британияда коронавирусни юқтирган беморлар сони 373 кишига етди.
Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида вирусни юқтирган 54 киши аниқланганини маълум қилди.
ГРЕЦИЯ: таълим муассасалари 14 кунга ёпилди
Греция ҳукумати барча олий ўқув юртлари ва мактабларни 14 кунга мактабларни ёпишга қарор қилди.
Шу кунгача, бу давлатда 89 киши вирусни юқтиргани аниқланди, ўлим ҳолати қайд этилмади.
Бундан ташқари, Чехия Бош вазири 10 март куни мамлакатдаги барча мактабларни "эҳтиëт чораси" сифатида номаълум муддатга ëпиш ҳақида буйруқ берди.
ЎЗБЕКИСТОН: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари Тошкентда
9 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг коронавирусга тайёргарлик бўйича етакчи консультанти Уте Эндерлейн ва ташкилотнинг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш дастурининг масъул ходими Жетри Регми Ўзбекистонга келди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра¸ иккала мутахассис Ўзбекистонда “дунёда давом этаётган эпидемияга қарши олиб борилаётган чоралар ва профилактик тадбирларнинг техник экспертизасини ўтказмоқда”.
Расмий баëнотга кўра¸ ЖССТ экспертлари “Ўзбекистонга кириш ҳудудларидаги санитария-карантин пунктларида назорат ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш, даволаш муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, лабораториялар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби қатор масалалар бўйича техник тавсиялар” бермоқда; эпидемия бошланган вазиятда қандай йўл тутиш бўйича тажриба алмашмоқда.
ГЕРМАНИЯ: 2 та ўлим ҳолати қайд этилди
Германияда 10 март куни 2 киши коронавирусдан ўлгани хабар қилинди.
Шу кунгача, бу давлатда 1 минг 100 дан ошиқ вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди.
ЭРОН: яна 43 киши вирусдан ўлди
Эронда давлат телевидениеси хабарига кўра, 10 мартга келиб, яна 43 киши коронавирусдан ўлган. Жами ўлганлар сони 237 тага етди.
Вирусни юқтирганлар сони 7161 кишидир.
Лекин кўплаб экспертлар Эрондаги касалликка чалинганлар сони хабар қилинганидан анча кўп эканини айтмоқда.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ: 247 киши вирусдан тузалди
10 мартга келиб, Жанубий Кореяда вирусни юқтирганлар сони 7 минг 513 кишига етди.
Ўлганлар жами сони 54 кишига етди.
Корея Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жами 247 киши вирусдан тузалган.
ТАВСИЯ: Коронавирусдан қандай сақланиш мумкин
ТАДҚИҚОТ: Вирус яширин даври ўртача 5 кун
Guardian нашрининг хабар қилишича, COVID-19 - коронавирус инфекциясини юқтирган одам ўртача 5 кунгача симптомлардан ҳоли юриши мумкин.
Янги тадқиқотда аниқланишича, 5 кун тўлиши билан беморда гриппникига ўхшаш аломатлар - бурун оқиши, кўзлар ёшланиши, йўтал, ҳолсизлик, иситма каби аломатлар кўрина бошлайди.
Тадқиқотни АҚШда Johns Hopkins номидаги Аҳоли саломатлиги институти олимлари ўтказди.
Маълум бўлишича, икки ҳафтагача касаллик симптомлари юзага чиқмайдиган беморлар сони озчилик, аммо 14 кунлик карантин режими вирус тарқалиши олдини олишда жуда яхши самара бермоқда.
Тадқиқотчилар, вирус тарқалиши олдини олиш учун карантин режимига қатъий амал қилинишини таъминлаш керак, деб хулоса қилмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН: Таниқли инфекционист Тошкентда
Таниқли эксперт, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов 9 март куни Тошкентга борди.
Расмий хабарда, "Михаил Фаворов - Халқаро вакцина институти бош директорининг ўринбосари сифатида дунёда турли инфекцияли касалликлар, жумладан, папиллома вируси, вабо, грипп, пневмококк ва менингокок каби қатор оғир турдаги юқумли инфекцияларнинг олдини олиш, профилактикаси, ташхиси ва уни замонавий даволаш усулларини қўллаш борасида катта тажрибага эга таниқли мутахассис", деб тақдим қилинди.
Михаил Фаворов 40 йиллик умрини дунёнинг турли ҳудудларида юқумли касалликларни ўрганиш ва олдини олиш соҳасига бағишлаган.
"У шу кунларда халқаро мустақил эксперт сифатида юртимизда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида фаолият олиб бораётган Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатимиздаги ушбу соҳага ихтисослашган даволаш муассасаларидаги тиббиёт ходимларига ҳам консультатив ёрдам кўрсатмоқда", дейилади расмий хабарда.
10 март кунги анжуманда Михаил Фаворов COVID-19 вирусининг тарқалишига оид турли давлатларда кузатилаётган тафовут ва аниқланаётган янги жиҳатлар бўйича тушунтириш берди.
ЎЗБЕКИСТОН: 1542 киши тиббий кузатув остида
Алишер Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
– Ўзбекистон давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолияти самарадорлиги кучайтирилди;
- Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббий муассасалари томонидан улар устидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилган;
- 15 январидан ҳозирги кунга қадар республика бўйича тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5 минг нафарга яқини кузатувдан чиқарилган, 1 542 нафар фуқароларда тиббий кузатув давом эттирилмоқда;
- Коронавирус қайд этилган Хитой ва бошқа давлатлардан келган фуқаролардан эпидемик ва клиник кўрсатмага асосан 1760 нафаридан лаборатория таҳлили учун олинган биологик намуналарда коронавирус аниқланмади.
ЎЗБЕКИСТОН: Хитойга газ экспорти камайиши мумкин
Хитойнинг Petrochina ширкати Ўзбекистон Энергетика вазирлигини коронавирус туфайли газ импорти ҳажми қисқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги вазирлик матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.
Вазирлик хабарномасида Хитойга газ экспорти ҳали қисқармагани, эҳтимолий қисқариш тўғрисида огоҳлантирув хати олингани, аммо унда муддат кўрсатилмаганини қайд этилади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Хитойга йилига 10 млрд. метр куб атрофида газ экспорт қилади.
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятида газ экспорти қарийб 20 фоизли улушга эга.
ИТАЛИЯ: Мамлакат эшиклари ёпилди
Европада коронавирус ўчоғига айланган Италияда ҳукумат инфекцияни тўхтатиш мақсадида 10 мартдан бошлаб, мамлакатга кириш-чиқишни тўхтатди.
Италия бош вазири Жузеппе Конте сешанбадан бошлаб бутун мамлакатда карантин эълон қилди.
10 март ҳолатига Италияда вирусни юқтирганлар сони 9172 кишига етди, 463 ўлим ҳолати қайд этилди.
Бу жаҳонда Хитойдан кейинги иккинчи йирик кўрсаткичдир. Хитойда 10 мартга келиб, 19 киши коронавирус юқтиргани қайд этилди. Бу 20 январда мамлакатга оид кўрсаткичлар эълон қилина бошлагандан бери энг паст кўрсаткичдир.
ЖАҲОН БОЗОРИ: Доу Жонс саноат индекси 7,8 фоизга тушди
Вирус тарқалиши сабаб юзага келган ваҳима оқибатида Уолл-Стрит акциялари 2008 йилдан бери энг кўп қадрсизланди.
Доу Жонснинг саноат индекси 7,8 фоиз тушиб кетди.
Нефтнинг жаҳон нархи 1991 йили Форс кўрфазида уруш бошлангандан бери энг кўп фоиз йўқотди.
ИТАЛИЯ: Қамоқхоналарда чекловга қарши исëн
8 ва 9 март кунлари Италиянинг қатор қамоқхоналарида исëн ва тартибсизликлар юзага чиқди.
Исëнга коронавирус эпидемиясини тўхтатиш учун маҳбусларнинг яқинлари билан учрашувини вақтинча тақиқлаш қарори туртки бўлди.
Турмалардан бирида исëнчилар бир неча одамни гаровга олди¸ махсус полиция отрядлари гаровдагиларни озод қилди. Аммо, ўнлаб маҳбус қочишга муваффақ бўлгани хабар қилинмоқда.
Кейинги сутка ичида Италия қамоқхоналарида камида олти маҳбуснинг ўлгани айтилмоқда. Ҳозирча ўлим сабаблари очиқланмади.
ЎЗБЕКИСТОН: диагностика тест-системаси 3 давлатдан келади
Роспотребнадзор Ўзбекистонга коронавирусни диагностика қилиш учун яна минг дона тест-система берди¸ деди 28 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.
Бунгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россиядан 1¸5 минг шундай система юборилганини билдирган эди.
Айтилишича¸ жами Россиядан Ўзбекистонга коронавирусни аниқловчи 10 минг дона тест-система юборилиши режаланган.
Алматовга кўра¸ АҚШ ва Хитойдан ҳам 1¸5 минг дона шундай тест тизими келиши кутилмоқда.
«Биз коронавирусда гумонланганлар қон намунасини анализ учун Англия¸ Ҳолландия ва Германиядаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лабораторияларига жўнатиш имконига эгамиз. Диагностика билан муаммо йўқ»¸ деди 28 февраль куни Алматов.
Ўзбекистонда ҳозирча расман қайд қилинган коронавирус ҳолати йўқ. Айни пайтда¸ 27 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазири ëпиқ эшиклар ортида ўтказган махсус селектор йиғилишида мамлакатнинг коронавирус тарқаши олдини олишга тайëр эмаслиги эътироф қилинганди.