Россия: Мухолифатчилар Путиннинг президентлик муддати янгиланишига қарши норозилик намойиши ўтказмоқчи

Россия президенти Владимир Путин парламентда нутқ сўзламоқда, Москва, 2020 йил 10 марти.

Россиялик мухолифатчилар Владимир Путиннинг президентлик муддати янгиланишига қарши митинглар ўтказиш мақсадида Москва шаҳар мэриясига ариза берди. Бу ҳақда "МБХ медиа" хабар қилади.

Ариза “Очиқ Россия"дан Татьяна Усманова, Егор Жуков командаси раҳбари Евгений Очаров ва “Ўзгаришлар партияси" вакили Мария Кузнецова томонидан берилди. Улар 21 ёки 22 март куни Сахаров кўчасида митинг ўтказиш ниятидалар. Аризада акция иштирокчилари сони 50 минг киши, дея кўрсатилган. 21 ёки 22 март куни митинг ўтказиш юзасидан “Фуқаролик жамияти" ҳаракатидан ҳам ариза тушган.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин янги президентлик лавозими учун ўзига нисбатан чекловлар олиб ташланишига розилик билдирган. Унинг айтишича, Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар Россия Конституцион суди томонидан маъқулланган тақдирда, бунга имкон яратилади. Бу ҳақда у 10 март куни парламентнинг қуйи палатасида қилган чиқишида маълум қилган.

Путин президентлик лавозимини кетма-кет иккинчи бор ва умумий ҳисобда тўртинчи марта эгаллаб келмоқда. Конституцияга кўра, у давлат раҳбари сифатида ваколати тугайдиган 2024 йилда президентлик лавозимига ўз номзодини кўрсата олмайди. Бу чекловларни айланиб ўтиш бўйича сешанба куни Давлат Думасининг "Единая Россия" партияси депутати, космонавт-учувчи Валентина Терешкова томонидан таклиф берилган.