Мирзиёев электрон тиббиёт картасини жорий этиш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда болалар боғчаси, масофавий таълим, шаҳар жамоат транспортлари учун ягона электрон чипта, қурилишни назорат қилиш, электрон тиббиёт картаси каби янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.

Мазкур топшириқлар Ш.Мирзиёев томонидан, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 10 март куни қатор лойиҳалар билан танишиш чоғида берилган.

Қайд этилишича, электрон тиббиёт картаси жорий этилса, шифокорларнинг қоғоз тўлдиришга кетадиган вақти анча қисқариб, аҳоли билан ишлаши учун кўпроқ имконият бўлади.

Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги 15 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11 та кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда 62 та поликлиника “Ягона электрон тиббий карта” ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланиб, хусусий клиникалар билан интеграция қилинади. Бундай тизим бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам татбиқ этилади.