Францияда COVID-19 сабабли 16 мартдан барча таълим даргоҳлари ёпилади

Франция президенти Эммануэль Maкрон.

Франция президенти Эммануэль Maкрон коронавирус ёйилиши билан боғлиқ ҳолда шу йил 16 мартидан мамлакатдаги барча таълим муассасаларини ёпиш тўғрисида топшириқ берди. Бу ҳақда Le Figaro нашри хабар қилади.

Макронга кўра, мамлакат бўйлаб 62 мингта таълим муассасаси, жумладан, боғча, мактаб, коллеж, лицей ва университетлар ёпилиши кутилмоқда.

Пайшанба куни телевидение орқали қилган чиқишида Франция президенти таълим даргоҳлари қачон очилишига аниқлик киритмаган. Макрон ўз чиқишида коронавирус билан боғлиқ вазиятни “соғлиқни сақлаш соҳасида Франция сўнгги асрда дуч келган энг жиддий кризис”, деб атаган.

Президент Макрон ёши 70 дан ошганлар, сурункали хасталиги бўлганлар, нафас олиш билан муаммоси бўлганлар ва ногиронларга имкон қадар уйдан чиқмасликни тавсия қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Францияда коронавирусни юқтириб олганлар сони 2876 нафарга етган, айни пайтда COVID-19 вируси 61 кишининг ёстиғини қуритган.