Париждан борган ватандошда коронавирус аниқланди, 150 киши изоляция қилинди (ВИДЕО)

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, Ўзбекистонга Парижда келган аёлдан олинган таҳлил натижаларида коронавирус аниқланган.

15 март куни маълум қилинишича, бу аёл 11 март куни мамлакатга кириб келган ва у билан мулоқотда бўлган оила-аъзоларига қўшиб, жами 150 киши карантинга олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ҳозир суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

Айтилишича, вирусга чалинган бемор - олий тоифали шикофор бўлган аёл 11 мартда Париждан учиб келган ва у келган самолётда 48 йўловчи бўлган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Телеграм каналида хабар қилишича, Бош вазир 15 март куни ўтказган йиғилишда йўловчиларнинг ярми хорижлик экани ва улар транзит орқали хорижга кетишгани айтилган.

Йўловчиларнинг ярмини ташкил қилган ўзбекистонликларда эса ҳозирча коронавирус аломатлари аниқланмаган.

Ҳозирда, бу йўловчилар ва хаста аёл билан мулоқот қилган оила-аъзолари, қариндошлари, қўни-қўшниларидан иборат жами 150 киши назоратга олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилди.