15 март куни Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олган илк бемор аниқланиши ортидан Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида шошилинч йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳукумат йиғилишида қатнашган қатор маҳаллий нашрлар ва блогерлар, жумладан, davletovuz Telegram каналининг хабар қилишича, мажлисда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун кескин чоралар белгиланган:
- 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади: фуқароларнинг четга чиқиши, чет давлат фуқароларининг Ўзбекистонга кириши тақиқланади, хориждаги ўзбекистонликлар қайтиши учун шароит яратилади;
- 16 мартдан барча давлат ва нодавлат таълим муассасалари - мактаблар, олий ўқув юртлари ва боғчалар баҳорги таътилга чиқарилади - ёпилади. Айтилишича, бу таътил 3 ҳафта давом этиши мумкин;
- Барча оммавий тадбирлар, шу жумладан, Наврўз тадбирлари бекор қилинди, Тошкентдаги талабаларнинг уйларига - вилоятларга қайтиши учун темир йўл ва авиачипталарга 50 фоиз чегирма берилади;
- Коронавирус вақтида фуқаролар саволларига жавоб бериш учун 16 мартдан Ягона колл-марказ ташкил қилинади;
- Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади;
- Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилди.