Президентнинг алоҳида кўрсатмаси билан Эронда қолиб кетган 14 ҳайдовчи, тадбиркорлар, талабалар ва бошқа ватандошлар қайтарилади.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида кўрсатмаси билан коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юбориладиган бўлган.
Булар бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезон, махсус тиббий форма, тиббий ниқоблар, тиббий дока, тиббий спирт, гигиеник гель, “Rutan” таблеткаларидир.
Бу юкни Эронга Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигида делегация етказади.
Ана шу делегация қайтишда Эрон-Туркманистон чегарасида қолиб кетган 14 юк ташувчи ҳайдовчи ва бошқа ватандошларни олиб қайтиши режаланмоқда.
Делегация қачон йўлга чиқиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.
Коронавирус сабабли Эрон-Туркманистон чегараси ёпилгани ортидан ўндан зиёд ўзбекистонлик ҳайдовчи йигирма кундирки Эроннинг "Лутфобод" ва "Сарахс" чегара масканида қолмоқда.
Озодликка боғланган ҳайдовчилар 23 февралдан буён антисанитария ҳолатида юк машиналарида яшаётганликлари, пуллари ҳам тугаб бўлганини айтганди.