Қирғизистон ҳукумати ун, нон, шакар, ўсимлик ёғи каби 11 маҳсулот нархини назорат қилиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда бош вазир Мухаммедқалий Абилғазиев 16 март куни Бишкекда ўтказилган брифингда билдирди, дея хабар қилади Озодликнинг қирғиз хизмати.
“Бугундан бошлаб Монополияга қарши кураш агентлиги ун билан нон нархини аниқлаш ишини битказади. Бу бўйича чеклов киритамиз. Нонни белгилаб берилган нархдан ошириб сотиш тақиқланади”, деди бош вазир.
Жаҳон бўйлаб ёйилиб бораётган коронавирус туфайли сўнгги икки кун ичида Қирғизистон бозорларида ҳам озиқ-овқат ғамлаш дардига тушганлар кўпайган. Шу важдан ун, шакар маҳсулотлари қимматлагани пайқалган. Қирғизистон ҳукумати коронавирус билан боғлиқ вазиятдан фойдаланган ҳолда чайқовчилик йўлига ўтганлар жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирган.