Вазирлик коронавирусга чалинганлар аҳволи тўғрисида маълумот берди

16 март тонгигача Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган 6 киши борлиги маълум қилинди.

Covid-19 коронавирусини юқтириб олган беморлар аҳволи ҳозирча қониқарли даражада.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

"Ҳозирга қадар коронавирус инфекцияси қайд этилган 6 нафар бемор клиникамизда ётқизилган. Улар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стантдартлар асосида даволанмоқда. Беморлар шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган. Умумий аҳволи доимий кузатувга олинган. Айни пайтда беморларимизнинг аҳволи қониқарли", - деган Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев.

Вазирлик аҳолидан ваҳимага берилмасдан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш сўради.

Якшанба куни Ўзбекистонда илк бор Covid-19 коронавирусига чалиниш ҳолати рўйхатга олинди. 15 март куни дастлаб Париждан 11 март куни учиб келган аёлда, сўнгра унинг ўғли ва қизида, 16 март куни эса биринчи беморнинг турмуш ўртоғи, невараси ҳамда Истанбулдан учиб келган бошқа бир фуқарода ушбу касаллик аниқланди.