Қозоғистонда фавқулодда вазият тартиби амалда бўлган пайтда Жума ва бошқа намозлар масжидларда ўқилмайди. Жаноза намози эса фақат яқин қариндошлар иштирокида ўқилади. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси 16 март куни маълумот тарқатди.
“Мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилингани муносабати билан ҳамда касаллик тарқалиш хавфи юқори бўлгани сабабли масжидларда Жумъа намози ўқилиши вақтинча тўхтатилади”, дейилган диний идора хабарномасида Жума намози ўрнига уйда пешин намози ўқиш тавсия қилинган.
Идора масжидлар ёпилмаслиги, уларда азон айтилиши, бироқ масжид ичида намоз ўқилмаслигини билдирган.
Қозоғистонда айни пайтда коронавирус юқтирилиши билан боғлиқ 13 ҳолат қайд этилган. Хасталарнинг 11 нафари Олмаотада, икки нафари эса Нур-Султонда муолажа қилинмоқда. Коронавирусга чалинган яна бир қозоғистонлик Германияда даволанмоқда.
Қозоғистон расмийлари коронавирус тарқалишига қарши кураш мақсадида 16 мартдан 15 апрелгача бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда вазият тартибини жорий этганлар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда 1641 нафар одам касалхоналарда, 981 киши эса ўз уйларида карантинда тутиб турилибди.