Янги ўқув йилида давлат буюртмаси асосида 130 мингдан зиёд талаба ўқишга қабул қилиниши кутилмоқда

2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида бакалавр тайёрлаш бўйича 130 мингдан зиёд талаба ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бунга оид президент қарори лойиҳаси муҳокама учун 17 март куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Лойиҳага мувофиқ, янги ўқув йилида ОТМга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилишнинг қуйидаги умумий параметрлари кўзда тутилган.

Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

  • кундузги таълим шаклига – 101 555 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига– 25 863 нафар;
  • кечки таълим шаклига–4 368 нафар.

Магистрлар тайёрлаш бўйича: 10 643 нафар.

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, 2020/2021 ўқув йилида таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси тасдиқланади.

Лойиҳада 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган қизлар учун кундузги таълим шакли бўйича тасдиқланган давлат грантларига нисбатан 4 фоиз миқдорда алоҳида грант ўринлари ажратилиши урғуланган.