Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида мамлакатда бўлган ва кетишга улгурмаган хорижликларга илгари берилган визаларнинг амал қилиш муддати автоматик тарзда 2020 йил 10 апрелигача узайтирилади.
Мазкур қарор, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирларга оид ҳукумат дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 17 март куни ўтказилган йиғилишида қабул қилинган.
Айни пайтда муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакатдан чиқиб кетишига 10 апрелга қадар рухсат берилади.
Юқоридаги ҳолатларда уларга нисбатан ҳеч қандай чоралар кўрилмаслиги урғуланган, меҳмонхона мажмуалари раҳбариятидан эса, мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, хорижликларни меҳмонхоналарга муаммосиз қабул қилиш сўралган.