Ўзбекистон парламенти қуйи палатасида 16 мартдан бошлаб карантин қоидалари амал қила бошлади. Ҳукумат белгилаган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, палата қўмиталарининг мажлислари, фракциялар йиғилишлари, ялпи мажлислар ўтказилиши тўхтатилди.
Бу ҳақда хабар қилган Кун.уз сайтига депутат Дониёр Ғаниев Олий Мажлис биносига киришда тиббий текширувлар йўлга қўйилгани, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш учун шароитлар яратилганини билдирган.
“Карантин муносабати билан қатъий чоралар кўрилаётгани парламент қуйи палатаси фаолиятини тўхтатди, дегани эмас. Ҳозирда парламентда ички электрон тизим йўлга қўйилган бўлиб, барча ҳужжатларни электрон алмашинуви учун шароитлар яратилган”, деган Д. Ғаниев.
Депутатга кўра, қонун лойиҳалари муҳокамалари, ижро ҳокимияти томонидан қонунлар ижроси назорати, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва улар устида ишлаш ҳам электрон тарзда амалга оширилади.
Қонунчилик палатаси ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов ҳам парламент ўз фаолиятини тўхтатмаслигини тасдиқлаган.
“Қонун лойиҳаларига масъуллар шу ерда қолади, қолганлар жойларда коронавирус сабабли парламент назоратини ўрнатиш мақсадида ўз сайлов округларида фаолият олиб боради”, деган Ҳ. Тўлаганов.