Қирғизистон ҳудудида коронавирусга чалинганлик билан боғлиқ илк ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпўнбаев 18 март куни коноравирус инфекцияси ёйилишига йўл қўймаслик бўйича республика штаби мажлисида билдирди.
Вазирга кўра, инфекция Саудия Арабистонида Умра зиёратини адо этиб қайтган қирғизистонликларнинг уч нафарида аниқланган.
Чўлпўнбаев коронавирусга чалинганлар Қирғизистонга 12 март куни қайтгани, ўшандан бери улар уй карантинида тутиб турилганини маълум қилган.
“16 март куни улардан бири – сузоқлик кишининг ҳарорати кўтарилиб кетган. Таҳлиллар у ва яна икки кишига вирус юққанини тасдиқлади”, деди соғлиқни сақлаш вазири.
Чўлпўнбаевнинг айтишича, коронавирусга чалинганлар обсервацияда тутиб турилибди.
Ҳодиса ортидан Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида фавқулодда вазият тартиби жорий қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 200 минг кишига яқинлаб қолган, қурбонлар сони эса қарийб 8 минг кишига етган. Айни пайтда коронавирус юқтириб олган 82 мингдан зиёд киши соғайиб кетгани айтилмоқда.