Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 13 нафарга етди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарномасида Истанбулдан қайтган ўзбекистонликда ҳамда Лондондан қайтган ўзбекистонликнинг турмуш ўртоғида ҳам коронавирус инфекцияси аниқлангани қайд этилади.
“Ҳар икки фуқаро ҳам қатъий тиббий назоратда бўлган. Айни пайтга келиб, ушбу инфекция аниқланган беморлар сони 13 нафарга етди. Беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли бўлиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда”, дейилади ССВ хабарномасида.
Вазирлик инфекция тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилаётганини таъкидлаган.
Аввалроқ Франция, Буюк Британия, Туркия ва БААдан қайтган ва улар билан бўлганлар – жами 11 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар қилгандик.