Россия президенти Владимир Путин Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича умумхалқ референдумини 22 апрелга белгилашга оид фармонни имзолади. Ҳужжат Кремлнинг расмий сайтида ёйинланган.
22 апрель чоршанбага тўғри келади, бироқ бу кун дам олиш куни, деб эълон қилинади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков фармон юзасидан изоҳ бераркан, Россияда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият салбий тус олган тақдирда овоз бериш куни кўчирилиши мумкинлигини билдирди. Бироқ “фармонни сана белгиламай имзолаш мантиқсиз бўлгани учун” Путин овоз бериш куни ўлароқ 22 апрелни белгилаган.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 114 та ҳолат аниқланган. Мамлакатнинг кўплаб жойларида, жумладан, пойтахт Москвада расмийлар оммавий тадбирлар учун чеклов киритганлар, маданият муассасалари ва мактабларни ёпганлар.