Адлия вазирлиги аввалги президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг хорижда музлатиб қўйилган активлардан бир қисмини Ўзбекистонга қайтаришига оид баёнот юзасидан изоҳ берди.
Вазирлик Ўзбекистонга мулкларни Г.Каримованинг ўзи қайтарганлиги ёки қолган мулклар бевосита Г.Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги таъкидлар ҳуқуқий асосга эга эмаслиги ва шу боис ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.
“Мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги муносабати билан улар анчадан буён Г.Каримова (унинг оила аъзолари)нинг тасарруфида эмас”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Хабарномада Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани урғуланган.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2020 йилнинг 18 март куни Г. Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.
Суд ҳукми билан 47 ёшли Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.