Андижон вилоятида жами 50 дан ортиқ киши карантинга олинган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов Kun.uz нашрига маълум қилган.
Абдураҳмоновга кўра, шу кунда Андижон вилояти ҳудудида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар йўқ, лекин хорижий давлатлардан келаётган андижонликлар эҳтиёт чораси сифатида карантинга олиниб, улар билан тушунтириш ишларини олиб борилмоқда.
“Олтинкўл ва Хўжаобод туманидаги юқумли касалликлар бўлимларида сўнгги тўрт кунда Туркиядан келган 14 нафар, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан учиб келган 10 нафар ва турли давлатлардан келган 27 фуқароларимиз карантин назоратига олинди”, деган Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.
Унга кўра, карантинга олинганларда 14 кун давомида коронавирус инфекцияси белгилари аниқланмаса, уларнинг уйларига кетишлари учун рухсат берилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони шу кунда 18 нафарга етган.