Ўзбекистон Махсус комиссияси коронавирус ёйилиши олдини олиш мақсадида чора-тадбирларни янада кучайтирди.
Комиссия тарқатган ахборотга кўра:
- Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01 дан бошлаб ёпилади.
- 23 мартдан Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасалар (мулкчилик шаклидан катъий назар) максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ишлашни бошлайди.
- ходим ва ишчилар ўз иш жойида ниқобда бўлиши талаб этилади, акс ҳолда интизомий чоралар қўлланилади.
- 23 мартдан мамлакат бўйлаб, жамоат жойларида ниқобсиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади. 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.
22 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 43 кишида вирус аниқланди. Булар Париж, Истанбул, Лондон, Дубай ва Швейцариядан қайтган ватандошлар ҳамда уларнинг тиббий кузатув остида бўлган яқинларидир.
ССВга кўра, оғир аҳволдаги бемор йўқ, уларнинг яқинлари шифохона ва уйида карантинда. Илк беморлар тузалишни бошлаган.