Канада олимпия қўмитаси коронавирус пандемияси туфайли бу йил Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этишдан бош тортди. Кейинроқ Австралия олимпия қўмитаси ҳам худди шундай қарорга келди.
Канада Халқаро олимпия қўмитаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ёзги Олимпиадани бир йилга кечиктиришга чақирди.
Австралия қўмитаси эса спортчилар 2020 йилдаги эмас, балки 2021 йилдаги ёзги ўйинларга тайёргарлик кўришларини билдирди.
Токиодаги Олимпиадани пандемия туфайли кечиктириш илтимоси билан Халқаро олимпияси қўмитасига аввалроқ Норвегия ва Бразилия ҳам мурожаат қилганди.
ХОҚ раҳбари Томас Бах ёзги Олимпиадани кўчириш эҳтимолига оид қарор яқин тўрт ҳафта ичида қабул қилинишини билдирган.
Япония бош вазири Синдзо Абэ 23 март куни парламентда қилган чиқишида Олимпиада муддати кўчирилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.Бироқ у ҳам ХОҚ каби ўйинлар тамоман бекор қилиниши мумкинлиги айтмаяпти.
Токиодаги Олимпиада шу йил 24 июлидан 9 августигача бўлиб ўтиши керак эди.