Қирғизистонда 22 мартдан бошлаб фавқулодда вазият тартиби кучга кирди. Бир ой давом этадиган ФВ тартиби коронавирус ёйилишига йўл қўймаслик учун қабул қилингани айтилмоқда.
23 март тонгидаги маълумотларга кўра, Қирғизистонда COVID-19 вируси юқтириб олиш билан боғлиқ 14 та ҳолат тасдиқланган.
Коронавирусга чалинганларнинг 8 нафари Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида, 3 нафари Ўш вилоятининг Новқат туманида, бир нафари Боткен вилоятининг Боткен туманида ҳамда икки нафари пойтахт Бишкекда аниқланган. 6 нафари эркак ва 8 нафари аёл бўлган беморларнинг ёшлари 25 дан 80 гача.
Шу кунгача бу беморлар билан 2628 киши мулоқотда бўлгани аниқланган, уларнинг ҳаммаси карантинга олинган.
Фавқулодда вазият тартиби доирасида Қирғизистоннинг етти вилоятида 14 та санитар-карантин постлари ўрнатилган. Расмий маълумотларга кўра, бу постларда ФВВ, ИИВ, СВВ ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари вакиллари бўлади.