Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШнинг коронавирус эпидемиясини тўхтатиш мақсадида таклиф қилган гуманитар ëрдамини рад қилди.
- АҚШ раҳбарлари ëлғон гапирмоқда. Агар улар Эронга ëрдам бермоқчи бўлса¸ санкцияларни бекор қилсин¸ бўлди. Ана ундан сўнг коронавирус тарқалишини ўзимиз тўхтата оламиз”¸ деди 23 март куни Эрон халқига қилган телемурожаатида Руҳоний.
Ядровий дастур борасидаги тортишувлар ортидан АҚШ санкцияларига тортилган Эрон коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони бўйича Яқин Шарқда биринчиликда қолмоқда.
23 мартга келиб¸ мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра¸ вирусга чалингани аниқланганлар сони 23 мингдан ошди¸ ўлганлар эса¸ 1812 нафарга етди. Кейинги 24 соат ичида 127 одамнинг коронавирусдан ўлгани айтилмоқда.
1979 йилдан бери дипломатик муносабатлар узиб қўйилганига қарамай¸ Вашингтон ҳукумати Наврўз арафасида эронликларга гуманитар ëрдам таклиф қилди.
Аммо 22 март куни мамлакат олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий бу таклифни рад қилди.