Тошкент вилоятидаги буюм бозорлари 24 мартдан номаълум муддатга ёпилади

23 март куни Тошкент вилояти ҳокими раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига кўра¸ йиғилишда 24 мартдан бошлаб “Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган барча бозорлар фаолиятини тўхтатиш” ҳақида қарор қабул қилинган.

Расмий хабарда шунингдек¸ карантин талабларига риоя этмай, хўрандаларни қабул қилишда давом этаётган умумий овқатланиш шохобчаларига нисбатан чоралар кучайтирилиши ҳам таъкидланган.

Корхона ва ташкилотлар томонидан ўз ишчи-ходимлари учун тиббий-гигиеник воситалар жамғарилиши, ҳудудда санитар-тозалаш, дезинфекция ишларини амалга оширилиши мажбурий ҳисобланади.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан уй шароитида карантинда сақланаётган фуқароларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилади”¸ дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий хабарида.

Ўзбекистондаги энг йирик чакана ва улгуржи бозорлар¸ хусусан¸ Абу Сахий ва Бек-барака бозорлари Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган.

Давлат статистика қўмитаси эълон қилган расмий маълумотга кўра¸ республика чакана савдо товар айланмасида энг юқори улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади ва 2020 йилнинг январь ойида у республикадаги жами товар айланмасининг 22,9 фоизи (2.8 триллион сўм)ни ташкил этган.

Ҳозирча пойтахтдаги буюм бозорларининг ëпилишига оид расмий қарор йўқ.