Қирғизистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ яна 26 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Тўлў Исақов Республика штаби мажлисида маълум қилди.
Вирусга чалинганлар орасида бир ёшга етмаган икки гўдак, 6 яшар бола, 14 ёшли ўсмир бор. Қолганларнинг ёши 16 дан 86 га қадар.
Шу тариқа 24 март ҳолатига кўра Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган хасталар сони 42 нафарга етди.
Улар Бишкекдаги юқумли касалликлар шифохонаси, Ўш вилоятлараро клиникаси, Новқат туман шифохонаси, Жалолобод ва Боткен вилоят шифохоналарига ётқизилган.
Коронавирус билан боғлиқ вазият таранглашиб бораётгани туфайли қирғиз расмийлари инфекция аниқланган шаҳар ва туманларда 25 март соат 00:00 дан бошлаб комендантлик соати жорий этишга қарор қилишган. Комендантлик соати оқшомги соат 20:00 дан эрталабки соат 07:00 гача амалда бўлади.