Қозоғистонда даромадсиз қолганларга нафақа тўланади

Олмаота шаҳри четидаги назорат-ўтказиш масканида ишлаётган тиббиёт ходимлари, 2020 йил 19 марти.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 23 март куни коронавирус туфайли жорий этилган фавқулодда вазият чоғида қозоғистонликларга нафақа тўлаш ҳақида топшириқ берди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 16 мартдан фавқулодда вазият жорий этилиши ва Қозоғистоннинг икки йирик шаҳри – Нур-Султон ва Олмаота тўла ёпилиши 500 минг чоғли одамнинг моддий аҳволига салбий таъсир кўрсатган.

“Шу важдан ҳам фавқулодда вазият амалда бўлган пайтда даромадидан мосуво бўлган шахсларга ойда бир марта битта энг кам иш ҳақи миқдорида (42 500 танга ёки 94 доллар) нафақа тўлай бошлаш ҳақида топшириқ бердим. Мазкур ёрдам умумий ҳисобда камида 1,5 миллион юртдошимизга берилади”, дея иқтибос келтирмоқда Қозоғистон президенти сўзларидан маҳаллий нашрлар.

Тоқаев Қозоғистон расмийлари, зарурат туғилгудек бўлса, ёрдам маблағлари турларини, суммасини кўпайтириш ва қамровини кенгайтириш учун барча захираларга эга эканини ҳам қўшимча қилган.

Қозоғистон расмийлари душанба, 23 мартдан бошлаб мамлакатга хориждан, шу жумладан, Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан (Россия, Беларусь ва Арманистон) келаётган барча кишилар учун карантин жорий қилганлар.

Айни пайтда Қозоғистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 68 нафарга етган.