Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов коронавирус хавфидан Тошкентдаги уйида ўзини ўзи иҳота қилган. Бу ҳақда унинг ўзи Forbes нашрига берган интервьюсида айтган.
USM ширкати асосчисига кўра, коронавирус пандемияси бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Тадбиркорларнинг фақат активларигина эмас, мажбуриятлари ҳам бор. Улар учун вируснинг ўзи ҳам, бозорларни титратаётган ахборот тўлқини ҳам хатарли. Пандемия қаршисида эса барча баробар, Худо омонлик берсин. Ҳозир ҳаммасидан муҳими дунёдаги давлат раҳбарлари одамларнинг соғлиғи ва иқболи учун иродаларини жамлаб, геосиёсий ихтилофларга қарамай, глобал хавфга қарши бирлашдилар”, деган А. Усмонов.
66 ёшли миллиардер ўзи ҳақида тўхтала туриб, хатар гуруҳига киргани учун ўзини ўзи Тошкентдаги уйида изоляция қилганини маълум қилган.
Аввалроқ ўзбек расмийлари 65 ёшдан катта ва сурункали касали бор бўлганларга уйдан ташқарига чиқмасликни тавсия этгандилар.
Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган Алишер Усмонов узоқ вақтдан бери Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлиб ҳисобланади.