Қозоғистон айрим озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тақиқлаб қўйди

Қозоғистонлик аёл Олмаотадаги "Яшил бозор"дан егулик харид қилиб чиқмоқда, 2020 йил 18 марти.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Савдо ва интеграция вазирлигининг қарори билан Қозоғистондан 15 апрелгача “ижтимоий аҳамиятга эга” қатор озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш тақиқланди.

Савдо ва интеграция вазири Бахит Султановнинг Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилишича, бу ерда гап гречка, ун, шакар, картошка, сабзи, шолғом, лавлаги, пиёз, карам, кунгабоқар уруғи ва писта ёғи каби маҳсулотлар ҳақида бормоқда.

Вазир чекловдан мақсад “аҳолини зарур маҳсулотлар билан таъминлашда узилишларга йўл қўймаслик” эканини билдирган. Султанов фикрича, қозоғистонликлар дўконга кирганда истаган маҳсулотни жўяли нархга сотиб олиш имкониятига эга бўлиши керак. Вазир нархлар давлат назоратида бўлишини таъкидлаган ва ишлаб чиқарувчилардан “ватандошлик бирдамлигини сақлаган ҳолда, ички талабни таъминлашда ёрдам бериш”ни сўраган.

Айни пайтда Қозоғистонда коронавирус пандемияси туфайли фавқулодда вазият тартиби амалга бўлиб турибди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусга чалинганлар сони 79 нафарга етган.