Истанбулдан Фарғонага 244 нафар киши эвакуация қилинди

Иллюстратив сурат.

Чоршанба, 25 март куни соат 07:30 да “Истанбул-Фарғона” чартер рейси орқали Туркиянинг Истанбул шаҳридан учиб келган 243 нафар ўзбекистонлик ва бир нафар қозоғистонлик Фарғона халқаро аэропортида кутиб олинган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, етиб келганларнинг 113 нафари эркак, 118 нафари аёл, 13 нафари вояга етмаган, улардан 1 нафари ногирон, 2 нафари икки ёшгача бўлган болалардир.

Аэропортда Истанбулдан келганлар билан белгиланган санитария талаблари асосида зарарсизлантириш ишлари ўтказилган. Текширув натижасида тана ҳарорати юқори бўлган кишилар аниқланмаган.

Ҳокимлик улар махсус ажратилган 12 та автобус ва 2 та юк машинасида эндемик давлатлардан олиб келинган кишиларни жойлаштириш мақсадида тайёрланган Олтиариқ туманидаги “Қизилтепа” фахрийлар сиҳатгоҳига жойлаштирилгани ва тўлиқ тиббий кузатувга олинганини билдирган.