Америкалик дунëга машҳур ихтирочи¸ электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla ширкати асосчиси Илон Маск коронавирусга қарши курашга ëрдам сифатида Калифорния штати расмийларига 1255 та сунъий нафас олдириш аппаратини топширди.
- Бир неча кун олдин у [Маск] жорий ҳафтада минглаб сунъий нафас олдириш аппаратини олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Мосламалар Лос-Анжелесга етиб келди ва [Маск] шифохоналар бирлашмаси ҳамда бошқалар билан аппаратларни ўрнатишни муҳокама қилмоқда, деди Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом.
Калифорния штати коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШда етакчилик қилмоқда ва касалхоналар зарур тиббий ускуналар¸ хусусан¸ коронавирус юқтирганлар ҳаëт-мамотини белгиловчи вентиляторлар етишмовчилигидан бонг урмоқда.
Маск Twitterдаги саҳифасида 1255 дона вентиляторнинг махсус учоқлар билан Хитойдан олиб келинганини билдирди.
«Хитойда ошиқча заҳира бор экан, шунинг учун жума куни кеч 1255 та FDA [Food and Drug Administration, FDA — АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси] маъқуллаган ResMed, Philips & Medtronic респираторларини харид қилдик ва ЛАга [Лос-Анжелес] учоқларда олиб келдик. Сизга бепул респиратор керак бўлса, бизга хабар беринг!» деб ёзди.
Маск Tesla ширкатининг Хитойдаги бўлими, Хитой чегара назорати расмийлари ҳамда Лос-Анжелес халқаро аэропорти ходимларига тезкорлик билан чора кўргани учун миннатдорчилик билдирди.
Маск коронавирус билан курашаëтган шифохоналарга 250 минг дона N95 ниқоб тарқатишни ҳам ваъда қилди. Ниқобларнинг 50 мингтаси Вашингтон университети Тиббиёт мактабига аллақачон етиб борди.
Маск пандемия ҳақида Twitterда фаол тарзда ўз фикрлари ва сўнгги янгиликларни бўлишмоқда. Хусусан, Маск ўз твитларининг бирида COVID-19 бўйича саросима касалликнинг ўзидан каттароқ зиён келтиришидан огоҳлантирди.
Дунëнинг энг бой одамларидан бири саналган Маск¸ Forbes журналининг ўтган ойги ҳисобича¸ 43 миллиард долларлик бойлик эгаси.