Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистон орқали юк ташувчи жисмоний ва юридик шахсларни Ашхобод ҳукумати қабул қилган янги қарордан огоҳлантирди.
Унга кўра¸ 24 мартдан бошлаб Туркманистон чегарасига автомобиль транспортида олиб келинадиган ҳар қандай юк транзитини фақат махсус рухсати бор туркманистонлик ҳайдовчилар амалга оширади.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарида хусусан «Гарабогаз» ва «Фарап» назорат-ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган автомобиль прицепидаги юкларнинг белгиланган махсус жойларда туркман юк ташувчиларига контакт қилмасдан топширилиши айтилади.
Айтилишича¸ туркман ҳукумати бу қарорини мамлакатда коронавирус тарқаши олдини олиш мақсадида кўрилаëтган чора-тадбирлардан бири сифатида изоҳлаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юк ташиш ва улар транзити билан боғлиқ саволларга жавоб изловчилар учун махсус телефон линиялари очганини билдирди ва бу рақамларни ўз хабарига илова қилди.
Расмий хабарда Туркманистон орқали Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлаëтган ўзбекистонликларнинг чегарадан ўтказилиш-ўтказмаслиги ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Коронавирус пандемияси ортидан Туркманистон хориж юк машиналари ва автомобилларининг ўз ҳудудига киришини тақиқлаб қўйди.