Ўзбекистонда барча жазони ижро этиш муассасалари карантинга олинган. Маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан учрашуви фақат масофавий тарзда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 25 март куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Мулозимга кўра, ҳозирги пайтда терговчилар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қамоқхоналарга текширилиб, дезинфекция қилиниб, киритилмоқда, лекин бу чора ҳам тўхтатилиши мумкин.
“Маҳбуслар вирусли касалликларга чалинишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида изоляторлар ташкил қилинган. Улар ҳар 4 соатда дезинфекция қилиб борилмоқда”, деди ИИВ матбуот котиби.