Россия ҳукумати шу йил 27 мартидан хорижий давлатларга чартер ва мунтазам парвозларни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бунга оид топшириқ Росавиацияга Коронавирусга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш президиумининг мажлиси якунига кўра берилган. Бундан фақат россияликларни хориждан қайтараётган рейслар ҳамда “ҳукуматнинг алоҳида қарорига кўра” амалга ошириладиган парвозлар мустасно, холос.
Коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган мамлакатлардан келган йўловчиларнинг барчаси инфекция бор-йўқлиги бўйича аэропортнинг ўзида дастлабки текширувдан ўтказилади. Ҳозирда чет элдан қайтаётган россияликлар учун икки ҳафталик мажбурий карантин кўзда тутилган.
Коронавирус инфекцияси тарқалиши қабатида Россия расмийлари аввалроқ бирин-кетин бошқа мамлакатлар билан чегараларини ёпган ва парвозларга чеклов киритган. Бироқ сўнгги пайтгача қатор мамлакатлар пойтахтлари билан ҳаво қатнови бекор қилингани йўқ эди.