26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев “Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни имзолади.
Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Мазкур қонунга мувофиқ¸ “карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-5-модда билан тўлдирилди”.
Янги қонунга кўра¸ “карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 200 бараваригача (айни кунда 44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима; 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ëки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади".
Бундай маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет орқали тарқатиш БҲМнинг 200 бараваридан (44 млн 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) миқдорда жарима; 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари; 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 3 йилгача озодликни чеклаш ëки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Янги қонун¸ шунингдек карантин қоидаларини бузганлик учун жазони кескинлаштирди ва бундай қоидабузарлик учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўллашни кўзда тутади.