Марказий банк аҳоли ва тадбиркорларга 1 октябрга қадар кредит таътили бериш тавсиясини такрорлади

Марказий банкнинг бош офиси.

26 март куни Ўзбекистон Марказий банки “коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида қарздорларнинг кредит тўловлари билан боғлиқ рискларни юмшатиш мақсадида барча кредит ташкилотларига 17 март кунги тавсияларини яна қайтарди.

“Жорий қилинган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздор – жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларига асосан, 2020 йил 1 октябрга қадар кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бериш ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтириш; муддати ўтган қарздорликларни кечиктирилишида жарима санкцияларини қўлламаслик ҳамда ундирувни кредит таъминотига қаратмаслик тавсия этилди”¸ дейилади Марказий банк берган ахборотда.

Марказий банк шунингдек¸ тижорат банкларига жорий эпидемиологик вазиятда банкларнинг кредит тўловларини кечиктириш масалалари бўйича мурожаатларни масофавий тарзда кўриб чиқиш тизимини яратиш чораларини кўришни ҳам тавсия қилди.