26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш вазияти бўйича Ўзбекистон халқига яна бир бор мурожаат қилди.
– Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз.
Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади¸ деб иқтибос келтирди президент матбуот хизмати.
26 март кунги махсус йиғилишда президент жамоатчиликка коронавирус пандемияси даврида Тошкент ҳукуматининг аҳоли саломатлигини асраш ва пандемиянинг иқтисодиëтга салбий таъсирини камайтириш мақсадида қилаëтган ишлари ҳақида қисқа ҳисоб берди.
Президент ўз чиқишида хусусан¸ пандемияга қарши қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб¸ унга 10 триллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилгани¸ касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилгани¸ одамлар гавжум бўладиган жойлар, хусусан, барча буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчалари вақтинча ёпилгани ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар ходимларига таътил берилиб, масофавий ишлашга ўтказилганини тилга олди.
Бевосита соғлиқни сақлаш тизимидаги ишларга тўхталган Мирзиëев барча тиббиёт муассасаларининг кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 11 та тиббиёт муассасаси ва 97 та сиҳатгоҳ, оромгоҳ ва ётоқхоналар карантинга ихтисослаштирилгани¸ 80 мингга яқин одамнинг уй шароитида¸ 12 минг фуқаронинг эса стационарда карантинга олинганини билдирди.
“Пандемияга қарши курашиш бўйича 100 минг атрофида тиббиёт ходимлари мобилизация қилиниб, уларга ҳокимиятлар, ички ишлар тизими, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари яқиндан кўмаклашмоқда”¸ деди жумладан президент.
Хорижда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаëтганини таъкидлаган Мирзиëев охирги 10 кун ичида 20 та чартер рейслар амалга оширилгани¸ Россия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Миср, Малайзия, Ҳиндистон, Таиланд, Индонезия ва Германиядан тўрт мингга яқин фуқаро олиб келингани, қўшни давлатлар билан чегаралардан 80 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг ўтказилгани ва профилакторий, санаторий ва бошқа шифо масканларида карантинга олинганини маълум қилди.
Ўз чиқишида президент коронавирус юқтирган 65 нафар бемор орасида 11 нафар врач борлиги¸ беморларни даволаш пайтида вирус юқтирган тиббиёт ходимларига 100 миллион сўмдан компенсация тўланишини билдирди.